Жаҳон | 07:47 / 23.12.2025
3587
2 дақиқада ўқилади

Энг тарқалган тиллар: 30 йилдаги ўзгаришлар инфографикада

Дунё аҳолисининг учдан бир қисмига яқини — энг оммабоп ўнта тилнинг ташувчилари. Инфографикада 1996 йилда қайси тиллар энг кенг тарқалгани, 2025 йилга келиб эса қайсилари энг оммабоп бўлиб қолгани кўрсатилган.

Фото: Thinkstock

Биринчи уч тил ўз ўрнини сақлаб қолган. 1996 йилда ҳам, 2025 йилда ҳам энг оммабоп тиллар мандарин (хитой тили), испан ва инглиз тиллари бўлиб қолган.

Бенгал тили ўз позициясини йўқотган: у 1996 йилда тўртинчи ўринда бўлган, гарчи у ёрдамида она тили сифатида сўзлашувчилар сони 189 миллиондан 242 миллионгача ошган бўлса ҳам. 2025 йилда тўртинчи ўринни ҳинди тили эгаллади. Бу тилни она тили деб ҳисоблайдиганлар сони 182 миллиондан 345 миллионгача кўпайган.

Рус ва япон тиллари ҳам ўз ўринларини сақлаб қолган — мос равишда еттинчи ва саккизинчи ўринлар. Икки тил рейтингдан чиқиб кетган: немис тили ва “у” (хитой тилининг энг йирик диалектларидан бири). Энди топ-10 рўйхатига панжоб тили (унда Ҳиндистон ва Покистонда гаплашилади) ҳамда ветнам тили кирган.

1996 йилда энг оммабоп ўнта тилни она тили деб билганлар сони 2,55 миллиард кишини ташкил этган, дунё аҳолиси эса 5,8 миллиард бўлган. Демак, аҳолининг 44 фоизи энг оммабоп ўн тилдан бирининг ташувчиси бўлган.

2025 йилда энг оммабоп ўнта тил — 3,1 миллиард киши учун она тили ҳисобланади, дунё аҳолиси эса 8,1 миллиардгача ўсган. Энди топ-10 тиллар ташувчилари Ер аҳолисининг тахминан 38 фоизини ташкил қилади. Кўп тилларда сўзлашувчилар сони ошиб бораётганига қарамай, уларнинг устунлиги аста-секин сусаймоқда.

Инфографика тайёрлашда муаллифлар Ethnologue ва Derivation маълумотларидан фойдаланган. Бу ерда гап тилни шунчаки биладиганлар сони ҳақида эмас, айнан шу тил она тили бўлган кишилар ҳақида кетмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид