Танқидга жавоб: «Ўзагросуғурта» ўз фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай мурожаатни кўриб чиқиш учун доимо очиқ»
Kun.uz сайтида «Турли текширувчилар учун одамлар «соғин сигир»ми? Ургутдаги уч воқеа» сарлавҳаси остида танқидий материал эълон қилинган эди. Унда, жумладан, Ургутдаги маҳаллалардан бирига бориб, аслида ихтиёрий иш бўлган уй-жой ва чорва молларини суғурта қилишни мажбурий деб одамларни чалғитиб юрган бир суғурта ходими билан бўлган воқеа ҳам келтирилган эди.
Ушбу мақолада тасвирланган ҳолат юзасидан «Ўзагросуғурта» АЖ муносабат билдирди.
«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятининг блогер Ғайрат Йўлдош муаллифлигида 2019 йил 16 декабрь куни Kun.uz сайти орқали «Турли текширувчилар учун одамлар «соғин сигир»ми? Ургутдаги уч воқеа» сарлавҳаси остидаги мақоласи эълон қилинганидан сўнг «Ўзагросуғурта» АЖ бошқаруви раиси томонидан ҳолатни тезкор ўрганиш, аниқлик киритиш ва тегишли тартибда таъсир чораларини қўллаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди.
2019 йил 17 декабрда «Ўзагросуғурта» АЖ Самарқанд вилояти филиали бошқарувчиси А.Болиев бошчилигида воқеа жойига бориб ўрганилди.
«Ўзагросуғурта» АЖ Ургут тумани бўлинмаси суғурта агентлари Ортиқжон Абдурашидов ва Мафтуна Мелиқулованинг хатти-ҳаракатларига ойдинлик киритиш мақсадида «Жайратепа» маҳалласида фуқаролар билан учрашув ташкил этилди.
Полис сотиб олган Р.Баҳриев ва С.Набиевнинг билдиришича, улар 2019 йил 30 ноябрь куни 40 минг сўм эвазига мол-мулкини туман «Ўзагросуғурта» бўлинмаси ходимлари томонидан ўз ихтиёрига кўра суғурта қилишган.
Бундан ташқари, «Жайратепа» МФЙ раиси Х.Аҳмедов шу вақтга қадар маҳалла фуқароларидан мажбурий суғурта бўйича ҳеч қандай шикоят ёки мурожаат келиб тушмаганини маълум қилди.
Учрашув якунида маҳалла фуқароларига мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари, соҳага оид қонунчилик юзасидан маълумот берилди.
«Ўзагросуғурта» АЖ бошқаруви блогер Ғайрат Йўлдош илгари сурган масалаларни кескин рад этишдан йироқ. Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон суғурта бозорида кадрлар муаммоси мавжуд ва бу камчиликлар Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4412-сонли қарорида ҳам алоҳида таъкидланган.
Хусусан, суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, суғурта соҳасида таълим беришнинг замонавий усулларини қўллаш, илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш борасида сўз боргани шулар жумласидандир.
Ҳозирги пайтда «Ўзагросуғурта» АЖ тизимида 2 минг нафарга яқин суғурта агентлари фаолият юритмоқда. «Ўзагросуғурта» АЖ кадрлар салоҳиятини ошириш борасида қатор ишларни амалга оширмоқда. Масол учун, ушбу масала бўйича Россия, Чехия, Германия, Буюк Британия, Хитой сингари давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, жамият қошида ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилиб, дарсларга республика олий ўқув юртларининг профессор ўқитувчилари жалб этилмоқда. Шунингдек, тизимдаги тажрибали кадрларни бошқа оқсаётган ҳудудларга юбориш ҳам кадрлар малакаси ошишига хизмат қилмоқда.
Шу кунга қадар, мазкур мақолада таъкидланган чорва ҳайвонлари суғуртаси бўйича «Ўзагросуғурта» АЖ мутахассислари томонидан босма нашрлар ва интернет сайтларида қатор материаллар чоп этилди.
«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти блогер Ғайрат Йўлдошнинг соҳага оид муаммоларни ёритишдаги фаоллигини қадрлайди ва миннатдорчилик билдиради. Жамият фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай мурожаатларни кўриб чиқишга доимо очиқлигини маълум қилади», — дейилади «Ўзагросуғурта» АЖ ахборот хизмати муносабатида.
Мавзуга оид
10:54 / 02.08.2024
Ургутда йўлдан ўтаётган 3 ёшли бола Cobalt уриб кетиши оқибатида вафот этди
22:17 / 29.07.2024
Самарқандда содир бўлган мудҳиш «авария»да уч киши ҳаётдан кўз юмди
10:27 / 25.08.2023
Ургутда «Малибу-2» уриб юборган пиёда ҳалок бўлди
10:13 / 05.08.2023