Ўзбекистон | 18:57 / 19.12.2019
3751
3 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев сайловни кузатиш учун келган Георгий Квирикашвили ва Керолин Лэмм билан учрашди

19 декабрь куни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сайловларни кузатиш учун келган хорижлик меҳмонлар билан учрашувлар ўтказди.

Сафоев аввалига Грузия собиқ бош вазири, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистон хорижий инвесторлар кенгаши бўйича консультанти Георгий Квирикашвили билан мулоқотда бўлди.

«Охирги бир йил ичида Ўзбекистонда содир бўлаётган катта ўзгаришлардан хабарим бор. 3 йил олдин биз президент Мирзиёев билан мамлакатни янги давр халқаро ҳамкорлик учун очишни муҳокама қилгандик. Натижалар эса кўзга ташланяпти: янги Ўзбекистон – янги сиёсат руҳи сезиляпти», – деди Квирикашвили.

Грузиялик сиёсатчи Ўзбекистонни The Economist нашри томонидан «Йил  мамлакати» деб топилгани билан табриклади.

«Мамлакатнинг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган янгиликларнинг эътироф этилаётгани ва мазкур номга муносиб кўрилгани Ўзбекистон учун катта ютуқ», – дея қайд этди Георгий Квирикашвили.

Шундан сўнг «White and case» халқаро юридик фирмаси ҳуқуқшуноси, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лэмм билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Сафоев мамлакатда бўлиб ўтаётган сайлов ва сайловолди жараёнларда ОАВ ва блогерларнинг фаоллиги аҳолида аҳамият касб этаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

«Бугунги кун ўзбек медиаси: журналистлари ва блогерлари мавзуларни ёритишга жуда прогрессив ҳаракат қилишяпти», – дея қайд этди сенатор.

Шунингдек, Содиқ Сафоев жорий йилги парламент сайловларида аёл номзодларнинг кўплигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

«Муддати тугаётган парламентдаги депутатларнинг 16 фоизини аёллар ташкил қилса, жорий йилги сайловга номзодларнинг 41 фоизини хотин-қизлар ташкил қилиши ҳам жорий йилги сайловларга хос ижобий жиҳат.

Умид қиламизки, бу йилги сайловлар мамлакатни ислоҳ қилишда профессионал ва фаол тарзда ўтиши билан аҳамиятга эга бўлади», – деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Мавзуга оид