Ўзбекистон | 23:10 / 20.12.2019
13509
3 дақиқада ўқилади

Ғуломжон Самадов: «Интервьюда ёзиб берилган гапни тўғри ўқидимми, дейдиган депутатлар ҳам бўлган»

Халқаро пресс-клуб бош продюсери Ғуломжон Самадов Ўзбекистон парламентининг яқин ўтмишига оид хотиралари билан ўртоқлашди.

«Ўзбекистонда парламент мактаби совет иттифоқидан қолган. Ундан кейин ҳам Ўзбекистон ҳукумат «доступ»идаги парламентни кўрди. Ҳукумат босимидаги депутатларни кўрди.

Бу гаплар бир неча марта айтилди. Менинг ўзим бир неча марта телевидениега интервью берадиган депутат гапирадиган гапни ўз қўлим билан ёзиб берганман, мана шу операторимиз камерага оляпти, камеранинг олдига матнни 26 форматда қўйиб берганмиз. Депутат шуни ўқиб берган. Шундай депутатлар бўлган. Уялмасдан «Тўғри ўқиб бердимми, гап тегмайдими?» деган депутатлар ҳам бўлган.

Шулар беш йил «PP» рақамли машинада юрди, имтиёздан фойдаланди, «значок» тақиб ошларга борди. Мана шунақа депутатларни кўрдик», – деган Самадовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Халқаро пресс-клуб бош продюсери 22 декабрдаги сайловда қатнашадиган сиёсий партия вакилларига мурожаат қилиб, бу хатолар яна такрорланиш-такрорланмаслигини сўради.

«Халқнинг, одамларнинг хавотири шунда. Шунинг учун одамлар депутатларга, парламентга ишонмайди. Ёки ҳалиям биз билмаган гаплар борми? Ҳукумат ҳалиям парламентга босим қиляптими деган хавотир, масалан, менда ҳам бор», – деди Самадов.

Модераторнинг аввалги депутатларга оид сўзларини Либерал демократик партия вакили Нуриддин Муродов ҳам тасдиқлади.

«Сиз айтган масалалар бир неча йиллар олдин бор эди. Ҳақиқатан бор эди. Ҳозир юртбошимизнинг сиёсий иродаси билан бу нарсаларга чек қўйилди. Буни очиқ айтиш керак. Ҳозир хоҳлаган парламент аъзоси, у сенатор бўладими ёки депутат бўлишидан қатъи назар, хоҳлаган фикрни хоҳлаган раҳбарга очиқ айтяпти.

Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси ваколатини пасайтириш бўйича қарорлари чиқди, бу бўйича қонунлар чиқди. Ҳозир ҳатто ҳукумат аъзоларини тасдиқлаш босқичма-босқич парламентга ўтяпти. Мен ўйлайманки, бунақанги шубҳа-гумонга боришимиз ноўрин бўлади. Президентимиз бошлаган сиёсатимиз орқага қайтмайди, деб айтган. Биз ҳам етакчи сиёсий партия сифатида шунинг тарафдоримиз», – дейди Муродов.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид