Жаҳон | 19:13 / 21.12.2019
21226
4 дақиқада ўқилади

Трамп Россия ва Туркияга қарши санкцияларни ўз ичига олган мудофаа бюджетини имзолади

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатнинг 2020 йилга мўлжалланган мудофаа бюджетини имзолади. Эндрюс ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари базасида имзоланган бюджетда ҳарбий мақсадлар учун 738 миллиард доллар ажратилиши кўзда тутилган

Фото: Reuters

Сенат томонидан маъқулланган ва президент Трамп томонидан имзоланган 2020 йилги мудофаа бюджетида Россияни тийиб туриш учун 734 миллион доллар (бюджетнинг 0,1 фоизи) ажратилиши ҳам киритилган. Ушбу бюджет жорий йилдагисидан 3,1 фоизга каттароқ.

Пентагоннинг асосий эҳтиёжларига 635 миллиард доллар ажратилмоқда. Афғонистон, Сурия ва Яманда ҳарбий операцияларни давом эттириш, бошқа мамлакатларда террорчиларга қарши туриш учун 71,5 миллиард, яна 31,5 миллиард доллар эса  ядровий қуролнинг жанговар тайёргарлигини таъминлаб туриш, уни модернизация қилиш ва бошқа мудофаа мақсадларига сарфланади.

Ҳужжат билан АҚШнинг Россия билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш ҳамда Қримни тан олишга тақиқ ўз кучида қолдирилди.

Украинага ҳам 300 миллион доллар ёрдам кўрсатиш, учувчи ҳарбий қурилмалар етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳужжат Туркияга Американинг бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини беришни тақиқлайди. Анқара томонидан Россиянинг С-400 зенит ракета тизими сотиб олиниши «Россиянинг Европа ва Евросиёдаги таъсирига қарши туриш» тўғрисидаги қонун моддасига тушади, бу эса санкция киритилишини назарда тутади.

АҚШнинг янги йилдаги мудофаа бюджетига янги кўринишдаги космик қўшинлар яратиш ҳақида банд ҳам киритилган.

Германиядагилар норози

Бюджетда Россиянинг «Шимолий оқим-2» ва «Турк оқими» газ қувурларига нисбатан санкциялар ҳам назарда тутилган.

Бюджет имзоланиши арафасида бундан хабардор бўлган «Газпром»нинг швейцариялик пудратчиси — AllSeas компанияси иқтисодий чекловларга дучор бўлишдан чўчиб, дарҳол ишларни тўхтатган, деб ёзмоқда Forbes. Компаниянинг расмий сайтидаги баёнотида АҚШ ҳокимиятидан тушунтириш сўралган.

Фото: RT

12 декабрь куни АҚШ Конгресси ҳужжатнинг лойиҳасини қабул қилганида республикачи сенаторлар AllSeas’га хат жўнатишган ва компаниядан барча ишларни тўхтатишни, акс ҳолда «фатал барбодлик» билан таҳдид қилишган. «АҚШ мудофаа бюджетининг қабул қилиниши билан ундаги шартларни қабул қилишларинг ва «Шимолий оқим-2» учун қувур ётқизишни бас қилишдан бошқа чораларинг йўқ», — дейилган хатда.

Айни пайтда «Шимолий оқим-2»нинг 93 фоиздан ортиқроқ қисми бунёд этиб бўлинган. Россия ва Германия ўртасидаги 1224 километрлик қўшқувурнинг Дания ҳудудий сувларидаги қисми ётқизилаётган эди.

Германия вазирлар маҳкамаси вакили Ульрике Деммер хоним бу чекловдан таассуфда эканини айтиб, Твиттерда «Германия федерал ҳукумати экстерриториал санкцияларни рад этиши»ни билдирган.

Бунгача Германия федерал канцлери Ангела Меркелнинг бундестагда АҚШнинг «Шимолий оқим-2» газ қувури билан боғлиқ экстерриториал санкцияларига қарши чиқиши ҳақида гапирганини Der Tagesspiegel нашри хабар қилган эди.

Фото: John Macdougall / AFP

Кеча АҚШ давлат котиби Майк Помпео Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас билан телефон орқали гаплашган. Суҳбат асносида томонлар «Шимолий оқим-2» қурилишига жорий этилаётган санкциялар масаласига ҳам тўхталишган.

Handelsblatt нашрига кўра, Маас АҚШни «Шимолий оқим-2»га нисбатан санкция қўлламасликка чақирган ва немис ҳукумати бу борада Вашингтон билан музокаралар олиб бораётганини айтиб ўтган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид