Жаҳон | 21:04 / 22.12.2019
9462
2 дақиқада ўқилади

Анқара АҚШ санкциялари Туркия ва унинг сиёсатига таъсир ўтказолмаслигини билдирди

Санкциялар Қўшма Штатларнинг Дональд Трамп маъмурияти фаол фойдаланаётган босим ва таҳдидларнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда, деди Туркия парламенти спикери Мустафо Шентўп Anadolu агентлигига берган интервьюсида.

"АҚШ ўзи қийинчиликка учраётган ва керакли муносабатлар ўрната олмаётган давлатларга қарши санкциялар киритмоқда. Бир ярим йилча аввал, АҚШ фаол санкциялар сиёсатини амалга оширишни бошлаганида Вашингтоннинг таҳдидлари давлатларга сезилмас руҳий босим ўтказиши мумкин эди. Аммо у бу воситадан қанчалик кўп фойдаланса, санкциялар шунчалик кам таъсир кўрсатмоқда. Менимча, Америка санкциялари Туркияга ҳеч қандай таъсир ўтказмайди, жумладан иқтисодий нуқтаи назардан ҳам", - деб таъкидлади у.

Шентўп АҚШ санкциялари Туркиянинг мудофаа салоҳиятига ҳам таъсир кўрсатмаслигига ишонч билдирди.

"Туркия бошиданоқ бешинчи авлод F-35 самолётлари лойиҳаси иштирокчилари таркибига киради, аммо америкаликлар Туркия пулини тўлаб қўйган самолётларни беришни истамади. Patriot зенит ракета тизимларини сотишни рад этгани учун Туркиянинг қадами қандай бўлганини эслатишимиз мумкин. Биз муқобил йўлдан фойдаландик ва Россиядан С-400 мажмуаларини сотиб олдик. Бу эса Туркия мустақил сиёсат олиб бораётганини ва алоҳида давлат, хусусан, АҚШнинг қарорлари унинг режаларига таъсир ўтказа олмаслигини исботлайди", деди Туркия парламенти спикери.

АҚШ президенти Дональд Трамп 21 декабрь куни мамлакатнинг 2020 йилга мўлжалланган мудофаа бюджетини имзолади. 

Ҳужжат Туркияга Американинг бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини беришни тақиқлайди. Анқара томонидан Россиянинг С-400 зенит ракета тизими сотиб олиниши “Россиянинг Европа ва Евросиёдаги таъсирига қарши туриш” тўғрисидаги қонун моддасига тушади, бу эса санкция киритилишини назарда тутади.

Бюджетда Россиянинг “Шимолий оқим-2” ва “Турк оқими” газ қувурларига нисбатан санкциялар ҳам назарда тутилган.

Мавзуга оид