Ўзбекистон | 23:10 / 22.12.2019
4635
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда депутатликка номзод сайлов куни ташвиқот ўтказгани ҳақидаги хабар тасдиқланмади

Бугун, 22 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда сайловлардаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Марказий сайлов комиссиясига тушаётган мурожаатлар ҳақида маълумот берилган эди.

«Чирчиқ шаҳридаги 197- ва 198-сайлов участкаларида Чирчиқ шаҳар кенгашига номзод Дафтиров Сардор Равшан ўғли ташвиқот тадбирларини олиб бораётгани ҳақида мурожаат бўлди. Мурожаат зудлик билан назоратга олинди ҳамда прокуратура органларига юборилди. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади», – деганди МСК Котибият мудири Худоёр Маматов.

Бош прокуратура ахборотига кўра, мазкур ҳолат Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилган.

Аниқланишича, С.Дастировнинг номзоди Чирчиқ шаҳар кенгашига «Адолат» социал демократик партиясидан 3-сонли сайлов округи 183-сонли сайлов участкасидан кўрсатилган бўлиб, 197 ва 198-сонли сайлов участкаларидан номзоди қўйилмаган.

С.Дастиров ўз тушунтиришида 22 декабрь куни Чирчиқ шаҳридаги сайлов участкаларида ташвиқот ишларини олиб бормаганини, кун давомида 2-сонли оилавий поликлиника биносида ташкил этилган «Адолат» СДП шаҳар кенгашининг кичик штабида бўлганлигини баён қилган.

Буни «Адолат» СДПдан номзод Ўктам Тожибоев ҳам тасдиқлаган. Қолаверса, яна 9 нафар фуқаро юқоридаги каби тушунтириш беришган.

Бундан ташқари, 197- ва 198-сонли сайлов участкалари раислари ва аъзолари ҳам шундай мазмундаги маълумотнома тақдим этишган.

Шу тариқа, прокуратура суриштирувида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган маълумот ўз тасдиғини топмаган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид