Ўзбекистон | 09:05 / 22.12.2019
8813
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда парламент сайловлари бошланди

Бугун, 22 декабрь куни эрталаб соат 08:00да Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сайлов участкалари очилди. Сайловда 20,5 миллиондан ортиқ сайловчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бериши мумкин.

Сайлов участкалари ва сайлов округларида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради, комиссия аъзолари, депутатликка номзодларнинг кузатувчилари, холислар гувоҳлигида сайлов қутилари муҳри очилди. 

Сайловларда овоз беришда иштирок этадиган сайловчилар қуйидагиларни билиши лозим:

  •  овоз бериш эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 га қадар давом этади;
  •  сайловчида фуқаролик паспорти ёки янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши лозим;
  •  қайси сайлов участкасида овоз бериш ҳақида маълумотга эга бўлмасангиз мазкур манзилга кириб, туғилган сана ва паспорт рақамини киритган ҳолда эртага овоз берадиган сайлов участкангизни аниқлаб олинг;
  •  сайлов бюллетенини яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчининг ёлғиз ўзи тўлдириши шарт;
  •  овоз бериш танланган номзоднинг фамилияси тўғрисида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «➕» ёки «✔️» ёхуд «✖️» белгисини қўйиш лозим;
  •  сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли;
  •  овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди;
  •  бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Қўшимча саволлар, эътироз ёки шикоятлар бўлса Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказининг мунтазам ишлаб турган умумреспублика 1197 телефон рақамига бепул қўнғироқ қилиш мумкин.

Сайловларда иштирок этинг, ўз келажагингиз учун бефарқ бўлманг!

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 10 миллион 147 минг 772 нафари эркак, 10 миллион 355 минг 690 нафари аёл; 2 миллион нафар илк бор сайловда қатнашиб, овоз бериш ҳуқуқидан биринчи марта фойдаланиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, сайловчиларнинг 1 миллион 721 минг 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55 сайлов участкасига бириктирилган. Қолган қисми Ўзбекистон ҳудудидаги 10 минг 260 сайлов участкасидан бирида овоз беради.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва хорижий давлатларда ташкил этилган 55 сайлов участкасида 12 декабрдан 18 декабрь соат 18:00 га қадар сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёни ўтказилди. Унда Ўзбекистон бўйича 59 минг 226 сайловчи ҳамда хорижий давлатларда 89 минг 807 сайловчи-ватандошларимиз муддатидан олдин овоз берган.

Бу йилги сайловларда ҳар бир участкада кўзи ожиз фуқаролар учун биринчи марта брайл ёзувидаги бюллетенларда овоз бериш ташкил этилаётир. Шу билан бирга, ҳудудларда рўйхатга олинган ёши улуғ инсонлар, ногиронлар ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга уй шароитида овоз бериш имконияти яратилган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан жами 825 хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари аккредитациядан ўтказилган ва уларга мандатлар топширилди. Улар 9 халқаро ташкилот ва 41 хорижий давлат вакилларидир.

Мавзуга оид