Ўзбекистон | 11:10 / 22.12.2019
18529
2 дақиқада ўқилади

Парламент депутатлиги учун номзодлардан 6 нафари номзодини қайтариб олди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун номзоди рўйхатга олинган 6 нафар фуқаро сайловга қадар ўз хоҳиши билан номзодликдан воз кечди.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Номзодлар ўз ихтиёрларига кўра номзодларини қайтариб олишди. Бу жараёнда қандайдир тазйиқ ўтказиш ҳолатлари аниқланмади. Сайлов қонунчилигимизга кўра, сайлов кунига 15 кун қолгунча партиялар, сайловга 1 кунга қолгунга қадар номзодлар ўз номзодларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Улар мана шу ҳуқуқларидан фойдаланишган», – деди МСК раиси Халқаро матбуот марказидаги брифингда.

Олти нафар номзод тўртта партиядан илгари сурилган эди, натижада ушбу партиялар парламент сайловида 148-149та ўрин учун курашадиган бўлди. Сайлов куни фақат ЎзЛиДеПда Олий Мажлис учун тўлиқ 150 нафар номзод қолган:

1. Сайдулла Холиқов – 79-Жарқўрғон сайлов округи, Экология партия
2. Зоҳиджон Зиёдуллаев – 4-Амударё сайлов округи, «Адолат» СДП
3. Зокир Нуров – 93-Паркент сайлов округи, Халқ демократик партияси
4. Собир Шукуров – 63-Каттақўрғон сайлов округи, «Миллий тикланиш»
5. Абдували Мавлонов – 54-Норин сайлов округи, «Адолат» СДП
6. Зуҳра Миргазиева – 96-Чирчиқ сайлов округи, Халқ демократик партияси

Ушбу номзодларнинг сайлов бюллетенларида кўрсатилган исм-фамилияси устидан кўк рангли ручкада тўғри чизиқ тортилган. Уларга муддатидан олдин овоз берилган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади.

Мавзуга оид