Ўзбекистон | 11:57 / 22.12.2019
26657
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довони автотранспорт воситалари ҳаракати учун қайта очилди

Қамчиқ довонида автотранспорт воситаларининг ҳаракати йўлга қуйилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«2019 йил 21 декабрь куни соат 08:00да А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довонида қор кўчкиси хавфи бўлганлиги сабабли довонда автотраспорт воситаларининг ҳаракати тўхтатилган эди.

2019 йил 21-22 декабрь кунлари ФВВ, МВ, ИИВ, «Ўзавтойўл» давлат қўмитаси куч ва воситалари томонидан «Қамчиқ» довонининг автомобил йўли қордан тозаланди.

«Ўзгидромет» марказининг қор кўчкиси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги бюллетенига асосан, «Тошкент-Ўш» автомобиль йўли Қамчиқ довонида жорий йилнинг 22 декабрь куни соат 11:40дан автотранспорт воситаларининг икки томонлама ҳаракати йўлга қўйилди», дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати ҳам довон йўлида транспорт воситаларининг ҳаракати йўлга қўйилганини маълум қилган.

«Довон йўлидан ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБнинг расмий каналида Қамчиқда олиб борилган ишлар ҳақида видеохабар берилган.

Йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, довон ҳудудида ҳаракатланишдан олдин қуйидаги мутахассис тавсияларига эътибор қаратиш сўралади: 

  • автомобилларнинг техник ҳолатини тўлиқ кўздан кечириш;
  • довон орқали етарли даражада ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан ҳаракатланиш;
  • автотехникаларнинг қиш мавсумида ҳаракатланиш учун махсус шиналар билан алмаштириш;
  • ҳайдовчиларнинг Қамчиқ довони орқали ҳаракатланганда ҳушёрликни янада оширишлари ва йўлларда тўхтаб дам олишлари; 
  • вилоятлараро юк ташиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, фирмалар, хусусий тадбиркорлар томонидан ҳайдовчилар билан профилактик тадбирлар ўтказилиши.

Қамчиқ довони бўйича қўшимча маълумотларни қуйидаги телефон рақамлари орқали олиш мумкин:
Қамчиқ Махсус қидирув-қутқарув бошқармаси навбатчилик қисми: (95) 146-87-08, (70) 662-72-49, (71) 212-70-07, (99) 837-29-38, 10-50.

Мавзуга оид