Ўзбекистон | 09:30 / 22.12.2019
8577
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида сайлов жараёни давом этмоқда – эрталабдан аҳоли фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда

Ўзбекистонда 22 декабрь куни тонгги соат 8:00 дан бошлаб мамлакатдаги барча сайлов участкалари очилди. Унда 20,5 миллиондан ортиқ сайловчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бериши мумкин.

Шу жумладан, Тошкент вилоятида ҳам сайлов жараёни қизғин давом этмоқда.

«Таъкидлаш жоизки, вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13та, халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашига сайлов ўтказувчи 60та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 626та округ сайлов комиссиялари бор. Шунингдек, 958та сайлов участкаси мавжуд.

Сайловларда очиқлик ва ошкоралик принципларининг тўлақонли амалда бўлишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Айни пайтда Халқаро матбуот маркази Тошкент вилояти бўлимида аккредитациядан ўтган журналистлар жараённи фаол ёритиб боришмоқда.

Халқаро матбуот маркази Тошкент вилояти бўлими томонидан шу пайтгача вилоят оммавий ахборот воситалари учун 8 марта матбуот анжумани ва брифинг, 4 марта давра суҳбати, 2 марта амалий семинар ўтказилди. Ўтган ҳафтадан бошлаб сиёсий партия вакиллари иштирокида учун жонли мулоқот — дебатлар ташкил этилмоқда. Шу пайтгача бундай мулоқотлар Чирчиқ, Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен ва Янгийўл шаҳарларидан ҳамда Зангиота, Паркент, Юқори Чирчиқ, Бўка, Қуйи Чирчиқ туманларида юқори савияда ўтказилди. Мазкур дебатларни ёритиш учун аккредитациядан ўтган журналистларнинг 10дан ортиғи мунтазам қатнашишмоқда. Бундан ташқари, «Тошкент» ва «Ўзбекистон 24» телеканаллари ижодий гуруҳи ҳам иштирок этиб дебатларни информацион дастурлар орқали ёритишда кўмаклашди.

«Тошкент» телеканали ва радиосида, «Тошкент ҳақиқати» ва «Ташкентская правда» газеталари, шунингдек, тармоқ нашрлари, шаҳар, туман ҳокимликлари муассислигидаги нашрлар, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Тошкент вилояти мухбирлик пункти, маҳаллий интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда сайловга доир материаллар мунтазам ёритиб борилди.

Ҳозирги кунга қадар босма нашрларда 500га яқин, «Тошкент» телеканалида 20та, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда 700дан ортиқ материаллар эълон қилинди. 

Шунингдек, журналистларни аккредитациядан ўтказиш ишлари жадалик билан олиб борилмоқда. Жумладан, бугунги кунгача 52 нафар журналист аккредитациядан ўтказилди. Улар орасида ЎзА ва «Халқ сўзи» мухбирлари ҳам бор. 

Вилоят ва туман, шаҳарлардаги 18та давлат босма нашрларининг ҳар бирида сиёсий партияларнинг тарғибот материаллари учун бепул нашр майдони ажратилди.

Хусусан, «Тошкент ҳақиқати» ва «Ташкентская правда» газеталарининг бешта партияга ташвиқот материаллари учун тенг миқдорда бепул майдон ажратилди ва улар тақдим этган материаллар чоп этилди.

Сайлов қонунчилигига кўра сайлов куни хизмат сафари билан ёки бошқа сабаблар кўра, яшаб турган жойида бўлмайдиган сайловчилар олдиндан овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланиб, 3 кун қолганда якунланади. Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида жами 6 минг 972 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.

Кези келганда шуни айтиш керакки, Қибрайдаги 413-414-сайлов участкалари ҳамда Чирчиқдаги 185-203 сайлов участкаларида сайлов жараёнлари тўғридан-тўғри трансляция қилинади.

Яна бир янгилик Нурафшон шаҳридаги 172-сайлов участкасига биометрик идентификация қилиш қурилмаси ўрнатилди. Мазкур қурилмалар ёрдамида номзодларга овоз беришда сайловчилар иштирокининг холислигига, жараёнларнинг шаффоф ва адолатли ўтишига эришиш мақсад қилинган.

Овоз бериш жараёнлари давом этмоқда», дейилади Халқаро матбуот маркази Тошкент вилояти бўлими хабарида.

Мавзуга оид