Ўзбекистон | 19:20 / 23.12.2019
7322
3 дақиқада ўқилади

ДХА: ташкилотлар томонидан «справкалар» талаб қилиш бекор қилинган 

Ҳозирги кунда айрим ваколатли давлат органлари Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги ПҚ-4193-сонли қарорига амал қилмасдан, жисмоний шахслардан айрим ҳужжатларни тақдим қилиш мажбуриятини қўйиш ҳолатларини давом эттириб, бизнес юритишда ортиқча бюрократик тартиб-тамойиллар ҳамда бизнесда эркин ҳаракат қилишга тўсқинлик қилиши учрамоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси жисмоний шахсларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи ва бевосита улар билан алоқада бўлувчи бошқа давлат органлари ва муассасаларидан юқоридаги қарор талабларига амал қилишлари юзасидан эслатма билан чиқди.

Юқоридаги қарорга мувофиқ 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан: 

1. Жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар; 

2. Солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар; 

3. Тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнида шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги ҳамда унинг ишсизлигини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш зарурияти туғилганда, давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур маълумотларни тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олади деб белгиланган.

Мазкур қарорда давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар юқорида назарда тутилган ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, АТБ «Халқ банки», Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан электрон ўзаро ҳамкорлик орқали фақат идоралараро интеграциялашув платформасига ахборот олиш учун уланиш йўли билан мустақил равишда сўрайдилар ва оладилар деб белгиланган.

Мавзуга оид