Ўзбекистон | 21:47 / 23.12.2019
43993
8 дақиқада ўқилади

Сайловлар қонунчиликка мувофиқ ўтди дея оламизми? – Kun.uz суриштируви

​​​​​​​22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловларда кузатилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Kun.uz таҳририятига кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Сайт мухбирлари ана шундай мурожаатларнинг айримлари бўйича журналистик суриштирув ўтказишди.

Электрон почтага юборилган видеода Тошкентдаги 312-сайлов участкасида бир шахс томонидан бир неча бюлеттен ташланаётгани, бундан ташқари, сайлов участкаси раиси ўзини кузатувчи деб айтаётган аёлнинг сайлов жараёнини кузатишига монелик қилаётгани акс этган.

Видеотасвирларда чиндан ҳам бир йигит 3тадан кўпроқ бюлеттен ташлагани кўринган. Суриштирув давомида ҳодисанинг иштирокчилари топилди. Видеода кўринган кекса онахон – Озода Абдужабборова сайлов бюллетенларини ўзи тўлдирганини, бироқ кўзи яхши кўрмагани учун бюллетенларни сайлов қутисига ташлашда қўшнисидан ёрдам сўрагани маълум бўлди.

«Сайловга чиқдим, бюллетенларни ўзим тўлдирдим. Овоз бериш хонасидан чиққанимда қўшнимнинг ўғлини кўриб қолдим ва кўзим яхши кўрмагани учун ундан бюллетенларни сайлов қутисига ташлаб беришни илтимос қилдим. Сайлов қутисини тирқишини кўра олмадим, қанд касалим, қон босимим бор. Кўзим яхши кўрмагани учун иккита кўзойнак тақаман. Сайлов куни менга 3та [туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун биттадан] бюллетен беришди, фақат ўшаларни тўлдирдим», деди Озода Абдужабборова.

Мазкур сайлов округи раиси бир партиядан икки вакил келгани учун улардан бирини сайлов участкасига киритмаганини, қолаверса, иккинчи кузатувчининг Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган махсус ҳужжати (бейжик) бўлмагани, шунинг учун уни сайлов жараёнига яқинлаштирмаганини айтди.

314-сайлов участкасидан олинган бошқа бир видеода эса икки аёлнинг бир нечта бюллетенларни сайлов қутисига ташлашга уринаётгани, бюллетенлар кўплигидан сайлов қутиси тирқишига тиқилиб қолгани акс этган.

«Округимдаги 314-сайлов участкасида юз берган бўлган ҳолатни эътибордан четда қолдирибмиз. Бунга ҳуқуқий баҳо берилишига эътирозимиз йўқ. Сайлов жараёнида бунақа ҳолат фақат бир марта кузатилган, камчиликка йўл қўйганимизни тан оламиз ва бунинг учун узр сўраймиз», дейди 14-Пахта сайлов округи раиси Дилдора Якубова.

Видеода қисман кўринган эркак киши аёлларнинг ноқонуний ҳаракатига ҳеч қандай монелик қилмаган ва кузатувчининг ҳолатни видеога олишига эътироз билдирган. Энг қизиғи, видео олинишига қаршилик қилган эркак айни шу участка сайлов комиссиясининг раиси бўлиб чиқди.

314-сайлов участкаси раиси Ғайрат Қодиров

«Ҳақиқатан ҳам видеоси тарқалган ҳолат юз берди. Икки нафар аёл киши томонидан оилавий равишда овоз берилган бюллетенларни сайлов қутисига ташлаётганда мен келиб бундай қилиш мумкинмаслигини айтдим. Сайлов қутиси тирқишига тиқилиб қолган бюллетенларни суғуриб олдим. Шу пайтда мени телефонга чақириб қолишганда, қўнғироққа жавоб бераман деб чалғиб қолганимда сайловчилар бюллетенларни сайлов қутисига ташлашга улгуришди. Эътиборсизлигим учун узр сўрайман», дейди 314-сайлов участкаси раиси Ғайрат Қодиров.

«Кузатувчи сифатида 314-сайлов участкасидаги сайлов жараёнини диққат билан кузатиб бордим. Сизларга етиб борган видеони мен олганман. Қонунбузилиш ҳолатини кўришим билан уни видеога ола бошладим», дейди кузатувчи Омонулло Соипов.

Омонулло Соипов

22 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов 314-сайлов участкасида юз берган қонунбузилиш ҳолати туфайли 142-Қорақамиш сайлов округидаги сайлов натижалари бекор қилингани, бу округда сайлов қайтадан ўтказилишини маълум қилди.

«Адолат» партиясидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзоди қўйилган Обиджон Латипов фейсбукдаги саҳифасида Учтепа туманидаги 48-сайлов участкасида ҳам ана шундай қонунбузилиш юз бергани ҳақида хабар берганди.

У Kun.uz’га берган интервьюсида ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

Обиджон Латипов

«Сайлов куни Учтепа туманидаги 6-сайлов округидаги бир қатор сайлов участкаларида бир фуқаронинг бир неча сайловчи учун овоз беришга уриниши ёхуд умуман сайловчилар рўйхатида бўлмаган шахсларнинг овоз беришга уриниши кузатилди. Кузатувчиларимиз мазкур ҳаракатларни тўхтатиб қолишга ва видеога олишга ҳаракат қилишди. Бироқ баъзи сайлов участкаларида, жумладан, 48-сайлов участкасида бунга нафақат сайлов участкаси масъуллари, балки бошқа партиялар томонидан тайинланган кузатувчилар ҳам кескин қаршилик кўрсатишди. Мен сайлов участкасига кира олмаганим сабабли фақат кузатувчилардан маълумот олиб турибман. Қўлимизда сўзларимизни тасдиқловчи далиллар бор, умид қиламанки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар уларни инобатга олишади», дейди Обиджон Латипов.

Ижодий гуруҳимиз юз берган ҳолат юзасидан мутасаддилардан изоҳ олиш мақсадида кеч бўлиб қолганига қарамай 48-сайлов участкасига боришди ҳам овозларни санаш жараёнини кузатишга ҳам муваффақ бўлишди. Kun.uz мухбири ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва суратлар бўйича сайлов участкаси раисидан изоҳ сўради.

«Участкамиздаги сайлов жараёнида аҳоли томонидан бир нечта паспортларни олиб чиқиб, фақат ўзига эмас, ака-укалари, ота-онаси учун ҳам овоз бериш ҳолатлари учради. Лекин биз бунга йўл қўймадик. Битта одам фақат ўзи учун овоз бериши кераклигини тушунтирдик. Қариялар, касалларнинг уйига кузатувчилар ва маҳалла профилактика инспектори ҳамроҳлигида кўчма қути билан бордик. Лекин ноқонуний йўл билан бюллетенларни урнага ташлаш ҳолатлари бизда бўлгани йўқ», дейди 48-сайлов участкаси раиси Саида Самигова.

Саида Самигова ижтимоий тармоқларда тарқалган ва ўзи раҳбарлик қилаётган сайлов участкасидаги ҳолатлар акс этган сурат ва видеоларни кўргани, бундай ҳолат фақат бир марта содир бўлгани, сайлов участкасининг ёш ходими тажрибасизлиги туфайли ана шундай хатога йўл қўйилгани, бу бўйича ундан тушунтириш хати олинганини маълум қилди. Сайлов участкаси раисининг айтишича, битта одам томонидан тўлдирилган бир неча бюллетенлар сайлов қутисига ташланмаган, бу ҳолатни аниқлаган кузатувчилар бунга йўл қўйишмаган.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 23 декабрь куни Халқаро матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида «Адолат» партиясидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар депутатлиги учун номзод Обиджон Латипов билан боғлиқ ҳодисалар прокуратура органлари томонидан ўрганилиши, натижаси бўйича номзодга ҳамда оммавий ахборот воситаларига хабар қилинишини айтди.

Кези келганда 2019 йилги сайловларнинг сайловолди кампанияси ошкоралик руҳида ўтгани, гарчи кўп «қовун» туширилган бўлса-да, сайловолди ташвиқоти, дебатларда партиялар раҳбарияти ҳамда вакилларининг шу пайтгача «нозик» деб ҳисобланган саволларга жавоб беришига тўғри келгани, муҳими, бу кадрлар эфирдан қирқиб ташланмагани, сайловчилар давомати борасида бу йилги рақам (67,8 фоиз) аввалги сайловларга қараганда ҳақиқатга анча яқин бўлганини таъкидлаб ўтиш керак. Қолаверса, таҳририятимизга юборилаётган ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган сайлов жараёнидаги қонунбузилишлар ҳақидаги фото-видеоматериаллар Ўзбекистонда жамоатчилик назоратининг кучайиб бораётгани, бу йилги сайловларда номзодларнинг кузатувчилари ҳам ҳар қачонгидан фаолроқ ишлашгани, энг муҳими, бунинг учун уларга айтарли жиддий қаршиликлар қилинмаганини ҳам ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин.

Ўз навбатида, Kun.uz таҳририятига юборилган сайлов қонунчилиги бузилишига оид барча материаллар 24 декабрь куни расмий хат билан Марказий сайлов комиссияси ва Бош прокуратурага юборилишини маълум қиламиз. Мухбирларимиз воқеалар ривожини кузатишда, шунингдек, такрорий овоз бериладиган округлардаги жараёнларни ўрганишда давом этади.

Жамшид Ниёзов, Аброр Зоҳидов, Kun.uz мухбирлари,

тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид