Ўзбекистон | 17:10 / 24.12.2019
13033
7 дақиқада ўқилади

2020 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Фото: Flickr

Вазирлар Маҳкамасининг “Мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, 2020 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмларини янада ошириш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли, мойли ва озуқа экинларини оқилона жойлаштириш, интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларнинг иқтисодий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликларининг таклифларини инобатга олиб, қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йил ҳосили учун асосий майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда асосий майдонларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йил ҳосили учун асосий майдонларга сабзавот экинларини экиш муддатлари бўйича жойлаштириш кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда асосий майдонларга экиладиган сабзавотлардан етиштириладиган маҳсулотлар прогноз кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда эртаки экинлардан ва ғалладан бўшайдиган майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда эртаки экинлардан ва ғалладан бўшайдиган майдонларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг прогноз кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йил ҳосили учун боғ ва ток қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда боғ ва ток қатор ораларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг прогноз ҳажмлари;

2020 йил ҳосили учун лалми майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

2020 йилда лалми майдонлардан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари прогноз кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда фойдаланишига киритиладиган ерларда шотут ва балх тут плантациялари ташкил этиш кўрсаткичлари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда асосий майдонларда, боғ ва ток қатор оралари ҳамда ғалладан бўшайдиган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳажмлари ва зарур маблағлар ҳисоб-китоби;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши:

ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминланганлигини инобатга олган ҳолда қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари контурлар бўйича ўз вақтида тўлиқ экилишини, агротехника тадбирлари ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил этади;

суғориладиган экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шунингдек, пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларида илмий-инновацион ёндашув механизмлари асосида беда алмашлаб экиш тизимини жорий этади;

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда маҳсулот етиштирувчилар билан тайёрлов, таъминотчи, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар, савдо харид ташкилотлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш ва харид қилиш бўйича шартнома тузиш ишларини якунлайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, тезпишар ва экспортбоп навларини танлашда кўмаклашади ва сифатли уруғликлар билан таъминлаш чораларини кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда “in-vitro” шароитида вируслардан ҳоли бўлган соғлом фитосанитар тоза мевали дарахт ва ток кўчатлари етиштириш ҳажмларини оширган ҳолда 2020 йилда интенсив боғ ва токзорлар барпо этадиган фермер хўжаликларига белгиланган тартибда мевали дарахт ва ток кўчатлари етказиб беришни ташкил этади.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил ҳосили учун асосий ва такрорий майдонларга, боғ ва ток қатор ораларига экиладиган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мавсуми якуни билан ўлчовдан ўтказиб боради ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.

Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда вегетация даврида ажратилган сув лимитлари доирасида қишлоқ хўжалиги экинлари турларининг сувга бўлган талабидан келиб чиққан ҳолда суғориш графиклари асосида ўз вақтида сув билан тўлиқ таъминлайди.

“Ўзагрокимёҳимоя”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг белгиланган экин майдонларига минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материалларини белгиланган тартибда биржа савдолари орқали етказиб беришни;

асосий ва такрорий майдонларга, боғ-ток қатор ораларига экилган қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва токзорларни касаллик, зараркунанда ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш учун зарур кимёвий препаратлар захираси яратилишини ва агрокимё хизматлари кўрсатилишини ташкил этади.

Мавзуга оид