Спорт | 22:44 / 24.12.2019
45172
5 дақиқада ўқилади

Элдор Шомуродов «Ростов»да қолишини, Жалолиддин Машарипов Европага кетмоқчи эканлигини айтди

Тошкентдаги «Зарафшон» концерт залида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг йиллик ҳисобот конгресси ва йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирнинг биринчи қисмида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан 2019 йилда қилинган ишлар ва ютуқлар санаб ўтилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида эса номинациялар бўйича ғолиблар эълон қилинди:
«Ўзбек футболи нуронийси» – Наримон Жалолов
«Фидойилик рамзи» – Одил Аҳмедов
«Йилнинг энг яхши футбол журналисти» – Қаҳрамон Асланов (Tribuna.uz)
«Мухлислар ташрифи» – «Навбаҳор»
«Энг яхши ҳудуд ассоциацияси» – Андижон
«Энг яхши ёшлар мураббийи» – Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
«Энг яхши ёш футболчи» – Жасур Жалолиддинов («Бунёдкор»)
«Энг чиройли гол муаллифи» – Музаффар Музаффаров («Металлург)»
«Энг яхши ҳакам» – Валентин Коваленко
«Fair Play» – «Насаф»
«Энг яхши футзалчи» – Акбар Усмонов (ОКМК)
«Жасорат» соврини – Ўзбекистон ампутантлар жамоаси
«Энг яхши аёл футболчи» – Умида Зоирова («Бунёдкор»)
«Суперлиганинг энг яхши футболчиси» – Драган Черан («Пахтакор»)
Суперлига тўпурари – Драган Черан («Пахтакор»)
«Суперлиганинг энг яхши мураббийи» – Шота Арвеладзе («Пахтакор»)
«Йилнинг энг яхши мураббийи» – Вадим Абрамов («Бунёдкор», Ўзбекистон миллий жамоаси)
«Йилнинг энг яхши футболчиси» – Элдор Шомуродов («Ростов»)

Элдор Шомуродов, Жасур Жалоллиддинов, Одил Аҳмедов ва Жалолиддин Машарипов тадбирдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

«Фидойилик рамзи» билан тақдирланган «Odil Juniors» лойиҳаси асосчиси Одил Аҳмедов қуйидагиларни гапириб ўтди: 

«Биринчи бор ташкил этилган мукофотни қўлга киритиш ёқимли. Бу менга мотивация беради. Келгусида бундан-да катта лойиҳаларни  амалга ошириб ўзбек футболи ривожи учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман».

Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган 17 ёшли Жасур Жалолиддинов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва Италиянинг «Беневенто» клубига қачон ўтиши борасида айтиб ўтди:

«Ўтган йили ҳам номзодлар қаторида эдим. Ўшанда ўз олдимга ушбу совринни қўлга киритишни мақсад қилиб қўйгандим. Бу совринни қўлга киритишда ёрдам берган «Бунёдкор»даги акаларимга раҳмат айтаман.

Ҳозирча «Беневенто» билан шартнома имзоланмади. Жамоа машғулотларида қатнашиб келдим. Якуний жавобни кутяпмиз. Европада 18 ёшга тўлмаган футболчи легионер сифатида ўйнай олмайди. Шунинг учун ёзгача кутамиз, 1-даврани «Бунёдкор»да бошлайман».

Суперлига рамзий терма жамоасидан ўрин олган, Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлишга номзодлар учлигида бўлган Жалолиддин Машарипов эса Европа клубларидан бирига кетиш нияти борлигини яширмади.

«Элдор Шомуродов ҳақли тарзда энг яхши футболчи бўлди. Уни табриклайман. Мен эса яна ўз устимда ишлаб, кейинги йил, албатта, ушбу совринни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.

«Пахтакор»да қолиш-қолмаслигимни вақт кўрсатади. Ўзимга қолса, Европага кетиш ниятим бор»

Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган Элдор Шомуродов мукофотни олганидан хурсанд эканлиги, ҳозирча «Ростов»дан кетмаслиги ҳақида гапирди.

«Совринга муносиб кўрилганимдан жуда хурсандман. Бу катта ютуқ. 

Ҳозирча «Ростов»дан кетиш ниятим йўқ. Жамоа чемпионатда яхши ўйнамоқда».

Мухбир – Аъзамжон Иззатиллаев, 
Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид