Ўзбекистон | 09:59 / 24.12.2019
9787
8 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида янги назорат инспекцияси ташкил этилади. У ер масаласи бўйича

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати инспекцияси ташкил этилади.

Муҳокама учун эълон қилинган президент фармони лойиҳасида қайд этилишича, “Давергеодезкадастр” қўмитаси тизимидаги муҳандис-ер тузувчилар томонидан ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли ҳамда самарали фойдаланишни ташкил этиш, уларни муҳофаза қилишда таъсирчан назоратни таъминлаш борасида ва ер қонунбузилиш ҳолатларини бузган шахсларга нисбатан кескин чоралар кўриш ишлари суст олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ер ресурсларини муҳофазасига оид амалиёт таҳлили ушбу соҳада бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатган, хусусан:

биринчидан, сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида ноқонуний қурилмаларни қуриш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 2017-2018 йиллар давомида ўтказилган ялпи хатлов натижасида Тошкент шаҳрида 86 713 та ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилмаларни қуриш ҳолатлари аниқланган.

Ялпи хатловда аниқланган ҳужжатсиз объектлардан 49 524 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларига асосан қонунийлаштириб берилган, 14 326 таси бўйича материаллар туман ҳокимияти комиссияларида кўриб чиқилмоқда. 22 863 та ҳолатда ноқонуний қурилмалар шаҳарсозлик қоидалари ва нормаларига зид бўлганлиги сабабли уларни қонунийлаштириш рад этилган;

иккинчидан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасида ноқонуний қурилмаларни қуриш ҳолатларини аниқлаш, уларни олдини олиш учун масъул бўлган ҳудудий ер назорати инспектори штат бирликлари мавжуд эмас;

учинчидан, амалдаги қонун ҳужжатларида ноқонуний қурилмаларни қурган шахсларга нисбатан самарали таъсир чораларини қўллаш механизми белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (МЖтК) тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиш ва тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланган бўлса-да, мазкур жавобгарлик чоралари шаҳарлар ерларига нисбатан қўлланилмаслиги кўрсатилган (МЖтКнинг 266-1-моддаси), ўз навбатида ушбу ҳолатлар кўплаб муаммоларга сабаб бўлаётган;

тўртинчидан, Ер ресурсларини муҳофаза қилишда рағбатлантирувчи нормалар ва жамоатчилик таъсир чораларининг мавжуд эмаслиги, ерга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек фуқароларга ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларининг етарли даражада эмас;

Юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликлар натижасида шаҳарда ер ресурсларини талон-тарож қилиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, белгилангандан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳанузгача барҳам топгани йўқ, дейилади ҳужжатда.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси таркибидаги ер назорати шўъбасини тугатиш ва эксперимент тариқасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш устидан давлат назорати инспекциясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш устидан давлат назорати инспекцияси”га эксперимент ўтказиш даврига ер эгалари, фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар томонидан ерлардан фойдаланиш ҳолатини (молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) мунтазам мониторинг қилиб бориш ва натижаси бўйича ерга оид ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор бўлган шахсларни, шу жумладан юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва (ёки) бошқа ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60, 65, 68, ва 68-1-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда, янги тузилган ер назорати инспекцияси фаолияти ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳри бўйича “Давергеодезкадастр” давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилади.

Тошкент шаҳар Маъмурий судлари томонидан ерга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган маъмурий жарималардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига, 40 фоизи Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги “Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати инспекцияси”га, қолган 50 фоизи давлат бюджетига ундирилиши белгиланади.

Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати инспекцияси тўғрисидаги низомга кўра, инспекциянинг асосий вазифалари:

Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, мансабдор шахслар, шунингдек, фуқароларнинг Тошкент шаҳрининг қонун ҳужжатлари ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича талабларига риоя этилишини таъминлаш;

Тошкент шаҳрининг ер муносабатлари соҳасида манфаатларини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг юрисдикциясига мувофиқ ерни бузиш ҳолларини олдини олиш ва тўхтатиш;

Сув муҳофазаси ва қирғоқбўйи ҳудудларида ер участкаларини ажратишни назорат қилиш, шунингдек, улардан мақсадли фойдаланиш;

Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга ва (ёки) ўзбошимчалик билан иморатлар қуришга йўл қўймаслик ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида ноқонуний қурилишни тўхтатиш чораларини кўриш;

Ердан нотўғри фойдаланиш фактларини аниқлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда ерга бўлган ҳуқуқларни мажбурий тарзда бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Инспекция фаолиятининг манфаатдор назорат-текшириш хизматлари, прокуратура ва ички ишлар органлари билан ер муносабатлари соҳасидаги қонун устуворлиги масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш.

Инспекциянинг асосий функциялари:

Ер участкасидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш шартларини белгилайдиган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳуқуқий ҳужжатлари билан ўрнатилган, ерларни бериш тўғрисидаги маъмурий ҳужжатлар, ердан фойдаланишга рухсат берувчи тасдиқланган лойиҳавий ва бошқа ҳужжатларга асосан назоратни амалга ошириш;

 Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш борасида ерга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигини текшириш мақсадида текширишларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, бошқа манфаатдор назорат-тафтиш хизматлари текширувларида иштирок этиш;

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг йиғилиш мажлисларига ер соҳасига оид ва ваколатига кирадиган масалалар юзасидан материалларни киритиш;

Тошкент шаҳар ҳокимиятига ер муносабатлари соҳасидаги қонунларга риоя этилиши ва ер қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида чораклик ҳисоботларни тақдим этиш;

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни назорат қилиш юзасидан белгиланган тартибда тайёрланадиган ҳисоботларни тузиб, ваколатли органларга тақдим этиш;

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни назорат қилишнинг илғор усулларини ўрганиш, синтез қилиш ва амалга ошириш;

Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни назорат қилиш бўйича қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда ер қонун бузилиш ҳолатлари бўйича жавобгарликни белгилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ваколатли органларидан қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари бўйича Инспекциядан ўрнатилган тартибда хулосалар бериш ҳамда тасдиқлаш ёки тайёрлаш;

Ер муносабатлари соҳасидаги қонунийликни таъминлаш масалалари бўйича Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Инспекция ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг бошқа субъектлари билан ҳамкорлик қилиш;

Тошкент шаҳрининг аҳолиси ўртасида ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича ахборот-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот ишларни олиб бориш;

Ер муносабатлари соҳасидаги қонунчиликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан материалларни тайёрлаб, оммавий ахборот воситаларида нашр этиш;

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари ва уларга нисбатан зарур чоралар кўриш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш;

Ер комиссиясини ташкилий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид