Жамият | 22:06 / 25.12.2019
25028
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда ИИБ ва прокуратура расмийлари қидирувдаги шахсларнинг оила аъзолари билан учрашди

Бугун, 25 декабрь куни Самарқанд шаҳар ИИБда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Ҳасанов раҳбарлигида қидирувда бўлган фуқароларнинг оила аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда қатнашган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Фарҳод Ҳасанов, вилоят ИИБ бошқарма бошлиғи ўринбосари тергов департаменти бошлиғи полковник Рамазон Ашрапов, Самарқанд шаҳар прокурори Дилмурод Саидқулов жиноят содир этиб, ҳозир чет элда бўлиб турган самарқандликларнинг оила аъзоларига мурожаат қилишди.

Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Ҳасанов сўзга чиқиб, ўз ихтиёри билан ортга қайтган фуқароларнинг жазолари енгиллаштирилиши, бу ҳар томонлама улар учун фойдали эканини айтди.

Масалан, ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тадбир давомида бошқа мамлакатдан мажбурий ушлаб келиниши фуқарога ҳар томонлама қимматга тушиши, авваламбор унинг айби енгиллашмаслиги, бундан ташқари чет элда ўтказилган тадбирнинг харажатини тўлаб бериш мажбурияти елкасига тушиши айтилди.

Маълум бўлишича, йил бошидан буён 37 нафар қидирувда бўлган самарқандлик фуқаролар ўз ихтиёри билан бошқа мамлакатдан қайтиб келган. Айби исботланган 40 нафар фуқаронинг жазоси қамоқ билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораларига ўзгартирилган.

«Албатта, жазо муқаррар, аммо ўз ихтиёри билан қайтиб, айбини тан олганларнинг жазоси енгиллаштирилади»,— деди вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Учрашувда айтилишича, айни дамда 600 нафардан ортиқ самарқандликлар қидирувда ва улар Россия, Қозоғистон, БАА, Туркия, АҚШ ҳамда Европа мамлакатларида юришибди. Бошқа мамлакатларда амалга оширилган тадбирлар давомида 102 нафар шахс қўлга олингани, улардан 49 нафари Самарқандга олиб келингани маълум қилинди.

Бундан ташқари, 35 нафар самарқандлик фуқаро айни дамда Россияда ушлаб турилгани қўшимча қилинди.

Учрашув давомида вилоят ИИБ оила аъзолари билан учрашганидан сўнг ватанга қайтган самарқандликлар ҳам сўзга чиқиб, қолган қидирувдагиларни ҳам ортга қайтишга чорлашди ва уларнинг жазоси чиндан енгиллаштирилганини айтишди. Таъкидлаш жоиз, аксарият қидирувдагилар фирибгарлик билан айбланган ва уларга зарар тўлаб берилган ҳолатда қамоқ жазоси қўлланмайди. Бу борада Самарқанд шаҳар ИИБ расмийларидан ҳам изоҳ олдик.

Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Набижон Эгамбердиевнинг айтишича, қидирувдаги фуқаролар ички ишлар ходимига ишониб ортга қайтса, унинг жазоси енгиллашади.

Набижон Эгамбердиев

«Шу вақтгача кўплаб одамларга ёрдам бердик, бундан кейин ҳам шундай қиламиз. Ахир улар ўз фуқароларимиз»,— деди Эгамбердиев биз билан суҳбатда.

Йиғилиш тугагач, барча қатнашчилар вилоят ИИБ раҳбарияти вакиллари билан юзма-юз гаплашишди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид