Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Самарқанд шаҳридаги кўчаларни обод сақлаб туриш ишларига олий таълимдаги ўқитувчиларни ҳам жалб қилиш топшириғини берди.

Бу ҳақда у ректорлар билан учрашувда айтиб ўтган.

“Ҳамма ОТМга биттадан, иккитадан, учтадан (километрига, катта-кичиклигига қараб, соҳасига қараб) кўча берамиз. Мана шу кўча фалон институтники бўлади. Мен сизларга у ерга дарахт экинглар, тротуар қилинглар ёки бошқа қилинглар демайман. Сизлар ўша кўчанинг эгаси бўласизлар.

Ҳар куни эрталаб битта ўқитувчи бундай айланиб келади ўша кўчани. Пиёда юради – фойдаси ҳам бор соғлиққа. Қани, [кўчанинг] тозалиги қанақа, одамлар нимада қийналяпти, қаерда тротуар синиб кетган, қаерда қайси кўчат қурияпти, ёки қайси кўчат гуркираб ривожланмаяпти, ёки қайсидир кўчатга касаллик келиб қолган. Ё қаергадир бута экишимиз керак. Ё қаердадир суғориш тизими ишламайди ёки ўзи умуман йўқ “полив”. Қаердадир ногиронлар учун имконият йўқ... Ёки бўлмаса, кўчатлар палапартиш экилган: битта кўчада тўрт-беш хил кўчат аралаштириб ташланган.

Шунақа минг хил масала бор. Шуларни сизлар оласизлар-у, шу кўчага бир бошдан ўзларингизга “йўл харитаси” қилиб оласизлар. Кейин уни иккита эгаси бор: ободонлаштириш ва... Биринчи қиладиган ишимиз – касал кўчатларни даволашимиз керак, буни биз бошлаганмиз, бир ҳафта бўлди. Кейинги ишимиз – қаерда кўчат йўқ бўлса, рўйхатини қиласизлар. Қанақа кўчат керак бўлса, ўша кўчатдан топтиртириб... Мана, икки ойдан кейин куз келади. Ноябрга экса бўлади. Палапартиш экилган жойларни алмаштирамиз.

Қаерга бута экиш керак бўлса, уни ҳам кўрасизлар. Сизлар фақат бутанинг шаклини кўрсатиб беринглар: “Бутани мана бунақа шаклда экса, чиройлироқ чиқади” [деб]. Тўппа тўғри экиб кетаверсаям бўлади, лекин озгина дизайн берсак, чиройли бўлади-да”, – деган Бобоев.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Самарқанд шаҳри кўчаларини ОТМларга бириктириш ташаббуси – “кўкаламзорлаштириш ишларига янгича ёндашувни жорий этишга хизмат қилади”.

Ҳокимлик каналидаги бошқа видеоларга қараганда, Адиз Бобоев мазкур йиғилиш арафасида Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек, Бўстонсарой ва Рўдакий кўчаларида пиёда юриб, тротуарларнинг ҳолати талабга жавоб бермаслиги, йўл ёқасига экилган айрим дарахт ва буталар касаллангани, айримлари қуриб бораётганини танқид қилган.