Ўзбекистон | 09:32 / 25.12.2019
8751
9 дақиқада ўқилади

Тиббий ёрдам кўрсатиш даражасига боғлиқ равишда шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш тартиби қандай?

Тиббий ёрдам кўрсатиш даражасига боғлиқ равишда шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Муҳокама учун жойлаштирилган ҳужжатга кўра, низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ёки имтиёзли шахслар тоифаси учун кўрсатилган тиббий ёрдам учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган туман, вилоят ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотларига татбиқ этилади.

Низомнинг амал қилиши шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш тартибига татбиқ этилмайди.

 Тиббий ёрдам кўрсатиш даражасига боғлиқ равишда шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш ва туман (шаҳар) ёки вилоят даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотларига йўлланма (ордер) расмийлаштириш тартиби

 Имтиёзли тоифага кирувчи мижозларни шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш учун қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларининг умумий амалиёт врачлари умумий кўрикдан кейин клиник-лаборатор (умумий қон таҳлили, умумий сийдик таҳлили, биохимик таҳлиллар) текширувларни амалга оширади.

Шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш учун умумий амалиёт врачи мижозларни туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг марказий кўп тармоқли поликлиникасининг ихтисослик бўйича мутахассисига йўллайди.

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг марказий кўп тармоқли поликлиникасининг ихтисослик бўйича мутахассиси мижозни тиббий кўрикдан ва керакли клиник-лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказилади.

Қўйилган ташхис ва тасдиқланган стандартларга мувофиқ, мижозни шифохонага ётқизиб даволашга кўрсатмалар аниқланмаган тақдирда, у тавсиялар (лозим топилганда амбулатор даволаш) режаси билан яшаш жойи бўйича умумий амалиёт врачи назоратига қайтарилади.

Ўтказилган текширувлар натижасига кўра, мижозни ётқизиб даволашга кўрсатмалар аниқланганда, у туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси қошида ташкиллаштирилган тиббий-танлов комиссиясига мижозни ётқизиб даволаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса киритади. Бунда мижознинг амбулатор картасига тегишли ёзув киритилган ҳолда, ўтказилган текширувлар натижалари илова қилинади.

Туман марказий кўп тармоқли поликлиника қошида рўйхатга мувофиқ ташкил қилинган тиббий-танлов комиссияси томонидан ихтисослик бўйича мутахассис хулосаси асосида мижознинг тиббий ҳужжатлари (амбулатор карта), лаборатор ва инструментал текширувлар натижалари ўрганиб чиқилади. Бунда мижозни шифохонага ётқизиб даволашга кўрсатмалар тасдиқланса, бу ҳақда кўрсатилган шаклдаги хулоса расмийлаштирилади.

Келтирилган шаклдаги журналда рўйхатдан ўтказилади ва унга туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси (Тошкент шаҳрида – Тошкент шаҳар шифохонаси)нинг тегишли бўлими ёки вилоят (Тошкент шаҳар) даражасидаги тиббиёт ташкилотига кўрсатилган шаклдаги махсус йўлланма (ордер) расмийлаштирилади.

Йўлланма (ордер) олиш учун бемор қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

паспорт нусхаси (болалар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки паспорт ва отаси ёки онасининг паспорт нусхаси);

текширувлардан ўтиш ёки ётиб даволаниш тўғрисида мутахассис хулосаси;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 октябрдаги ПФ – 5216-сон Фармонида кўрсатилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахсларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Рўйхатда кўрсатилган барча ҳужжатлар тақдим қилингандан кейин, бемор тўғрисидаги тиббий маълумотлар электрон йулланма бериш тизимига, яъни беморларнинг интеграцияланган ягона электрон маълумотлар базасига киритилади.

Мижозни вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотларига тиббий ёрдам (текшириш ва даволаш) учун юборишга кўрсатмалар аниқланган, аммо жорий вақт оралиғи учун ажратилган йўлланмалар қолмаган (мавжуд бўлмаган) тақдирда, мижоз мазкур тартибнинг кўрсатилган шаклда расмийлаштирилган электрон журналга навбатга қўйилади, йўлланмалар беришнинг электрон тизимида, бемор ўз навбатининг ҳолатини ишлаб чиқилган ягона рақам орқали шахсий кабинетига кириб кузатиши мумкин.

Бунда мижозга навбатга қўйилганлиги тўғрисидаги, навбат рақами, йўлланма бериш санаси кўрсатилган маълумотнома берилади.

Бунда навбат тартиб рақамига риоя қилмаган ҳолда ордер берилишига йўл қўйилмайди.

Бемор туман тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган йўлланма билан ихтисослик бўйича вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар) даражасидаги тиббиёт ташкилотининг қабул бўлимига мурожаат қилади ва ўрнатилган тартибда тегишли бўлимга ётқизилади.

Мижоз шифохонадан чиқарилаётганда унга касаллик тарихидан (стационар шароитдаги беморнинг тиббий баёнидан) кўчирма берилади. Мазкур ҳужжатда беморга ўтказилган текширувлар натижалари, қўйилган ташхис, ўтказилган даво муолажалари ва уларнинг самарадорлиги, шунингдек кейинги даво режаси ва тавсиялар батафсил баён қилинади.

Шифохонада текшириш ва даволаниш давомида мижоз касаллигини аниқлаш мақсадида юқори технологияли усуллар ёрдамида текширув ва даволашга кўрсатмалар аниқланган тақдирда, мижоз вилоят тиббиёт ташкилоти (Қорақалпоғистон Республикаси тиббиёт ташкилоти, Тошкент шаҳрида–туман тиббиёт бирлашмаси) таркибида ташкил қилинган тиббий-танлов комиссиясига юборилади. Бунда мижознинг касаллик тарихидан берилган кўчирмага тавсия қилинган республика даражасидаги тиббиёт ташкилотининг номи, зарур текширув усуллари ва даво муолажалари тўғрисида тавсиялар баён қилинади.

Республика даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотларига йўлланма (ордер) расмийлаштириш тартиби

Вилоят тиббиёт ташкилоти (Қорақалпоғистон Республикаси тиббиёт ташкилоти, Тошкент шаҳрида – туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси) таркибидаги тиббий-танлов комиссияси мижознинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихидан кўчирма), ихтисослик бўйича мутахассис тавсияларини ўрганиб чиққан ҳолда, унга республика даражасидаги тиббиёт ташкилотига йўлланма бериш масаласини кўриб чиқади.

Тиббий-танлов комиссияси томонидан мижоз тасдиқланган стандартлар асосида республика даражасидаги тиббиёт ташкилотида тиббий ёрдам (текшириш ва даволаш)га муҳтож деб топилганда, унга кўрсатилган шаклдаги хулоса тўлдирилади ва тасдиқланган шаклдаги журналда рўйхатдан ўтказилиб, йўлланма (ордер) расмийлаштирилади.

Мижозни республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларига тиббий ёрдам (текшириш ва даволаш) учун юборишга кўрсатмалар аниқланган, аммо жорий вақт оралиғи учун ажратилган йўлланмалар қолмаган (мавжуд бўлмаган) тақдирда, мижоз кўрсатилган шаклда расмийлаштирилган электрон журналга навбатга қўйилади, расмийлаштирилган электрон журналга навбатга қўйилади, йўлланмалар беришнинг электрон тизимида, бемор ўз навбатининг ҳолатини ишлаб чиқилган ягона рақам орқали шахсий кабинетига кириб кузатиши мумкин.

Бунда мижозга навбатга қўйилганлиги тўғрисидаги, навбат рақами, йўлланма бериш санаси кўрсатилган маълумотнома берилади.

Бунда навбат тартиб рақамига риоя қилмаган ҳолда ордер берилишига йўл қўйилмайди.

Агар бемордаги касалликни вилоят миқёсидаги шифохоналарда даволаб бўлмаса туман тиббий танлов комиссияси беморни тегишли тиббиёт ташкилотлари қошидаги тиббий танлов комиссияларига тўғридан-тўғри йўллайди.

Бундан ташқари, бемор ўзи Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят филиалларидан, Республика ва вилоят миқёсидаги клиникалардан тиббий текширувлардан ўтган бўлса ва Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида ёки Республика миқёсидаги клиникаларга ётиб даволаниш учун расмий хулоса берилган бўлса бемор тўғридан-тўғри тегишли вилоят тиббий танлов комиссияларига мурожаат қилади.

Зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органлари мижозларнинг имтиёзли тоифасини бепул тиббий ёрдам олиш учун ўзининг идоравий мансуб тиббиёт муассасаларига йўналтириши мумкин. Имтиёзли тоифага кирадиган мижозларни шифохонага ётқизиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги қарор тиббиёт ташкилотининг тиббий-танлов комиссияси томонидан аниқланади.

Республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида мижозларга ўрнатилган тартибда тасдиқланган стандартларга мос равишда тиббий ёрдам кўрсатилади ва мазкур тиббий ёрдам учун харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўрнатилган тартибда қоплаб берилади.

Йўлланмаларнинг ишлатилиши бўйича ҳисобот тақдим этиш тартиби

Йўлланмаларнинг ишлатилиши бўйича туман тиббиёт бирлашмаларидан ҳудудий соғлиқни сақлашнинг бошқарув органларига (Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари) чоракдан кейинги биринчи ойнинг 5-санасигача, ҳудудий соғлиқни сақлашнинг бошқарув органларидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳар ойнинг 10-санасигача чораклик ҳисобот тақдим этилади.

Йўлланмаларнинг ишлатилиши бўйича вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотларидан ҳудудий соғлиқни сақлашнинг бошқарув органларига, республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига чоракдан кейинги биринчи ойнинг 10-санасигача чораклик ҳисобот тақдим этилади.

Мавзуга оид