Жаҳон | 00:20 / 26.12.2019
16294
2 дақиқада ўқилади

Германияда Трамп Ким Чен Ин ва оятуллоҳ Али Хоминаийдан хавфлироқ деб аталди

Фото: Getty Images

Германияда АҚШ президенти Дональд Трамп дунёда тинчлик учун Россия президенти Владимир Путин, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Ҳоманаийдан хавфлироқ деб ҳисобланиши маълум бўлди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди. 

YouGov ижтимоий институти томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 41 фоиз немислар Трампни тинчлик учун хавфли деб ҳисоблашади. 17 фоиз немислар Ким Чен Инни, 8 фоизи Путинни ва 7 фоизи Си Цзиньпинни энг хавфли деб топган.

2018 йилда ҳам немислар деярли шундай фикр билдиришган. Ўшанда Трамп 48 фоиз, Ким Чен Ин 21 фоиз ва Путин 15 фоиз немислар томонидан тинчлик учун бош хавф деб айтилган.

Kantar ижтимоий институти томонидан ўтказилган бошқа бир сўровномага кўра, немислар Франция президенти Эмманюэл Макронга Германия канцлери Ангела Меркелдан кўра кўпроқ ишонар эканлар. Респондентларнинг 53 фоизи Меркелга ишончи юқорилигини, 44 фоизи пастлигини айтган бўлса, Макроннинг фаолиятини 57 фоиз сўралганлар ижобий, 32 фоизи салбий деб баҳолаган. Немислар орасида ишончлилик бўйича 3-ўринни Австрия канцлери, 33 ёшли Себастьян Курц эгаллаган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид