Халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқаролари сони маълум қилинди
Бугун, 26 декабрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ички ишлар органларида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш фаолияти ва Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий бюроси» мавзусида тадбир ўтказилди. Унда ИИВнинг халқаро ҳамкорлик бошқармаси ва Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси раҳбарлари иштирок этишди.
Интерпол Миллий марказий бюроси, ахборотларга тезкор ишлов бериш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Олимхон Эргашев Ўзбекистоннинг қанча фуқароси халқаро қидирувга берилгани ва бошқа соҳага оид маълумотларни маълум қилди.
«Халқаро ҳамкорлик натижасида 2017-2019 йилларда 1 минг 402 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Улар, асосан, фирибгарлик, ўғрилик, босқинчилик жиноятларида гумонланган. Жорий йилнинг 11 ойида турли жиноятларни содир этгани учун республика ҳуқуқни муҳофоза қилувчи органлари томонидан қидирилаётган 588 нафар шахс хорижий давлатларда қўлга олинган. Айни вақтда 1 минг 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси халқаро қидирувга берилган ҳамда уларнинг кўпчилик қисми терроризм, одам савдоси каби оғир жиноятларда айбланмоқда. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистонга ҳам халқаро қидирувдаги чет эл фуқаролари кириб келади. 2 йил давомида 27 нафар хориж фуқаролари шу ерда ушланди. Улар Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Украина ва Туркия фуқаролари бўлиб, 90 фоизи фирибгарлик билан гумонланган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эргашевнинг қўшимча қилишича, қидирувдаги шахсларни ушлашда қуйи тизимдан гумондорнинг қайси давлатда эканлиги ҳақида тахминий маълумотлар олинади. Кейин ўша давлатда ички ишлар органлари билан боғланилади ва улар қидирувни амалга оширишади. Гумондор ушлангандан кейин Ўзбекистон ички ишлари органларига хабар қилинади. Халқаро талабга кўра, эҳтиёт чораси сифатида қўлга олинган шахс 1 ой қамоқда ушлаб турилади.
Мавзуга оид
23:05 / 06.11.2024
Бразилиялик полициячи Интерпол раҳбарлигига сайланди
18:07 / 02.08.2024
Интерпол қидирувида бўлган ўзбекистонлик Қирғизистонда қўлга олинди
19:02 / 19.01.2024
Интерпол қидирувида бўлган ўзбекистонлик Туркияда қўлга олинди
10:49 / 30.08.2023