Ўзбекистон | 20:23
1940
2 дақиқада ўқилади

Humans асосчиси қидирувга берилди

Ўзбекистонда фаолият юритган Humans компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добринин Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. У компания атрофида давом этаётган суд ва арбитраж муҳокамалари фонида қимор ўйинларини ташкил этиш ҳамда жиноий даромадларни легаллаштириш иши бўйича гумонланмоқда.

Фото: Humans

Ўзбекистон ҳукумати Humans компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добрининни халқаро қидирувга берди. Бу ҳақдаги маълумот Интерпол сайтида пайдо бўлди. 

Добринин қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил қилиш ва ўтказиш, шунингдек, пул ювишда айбланмоқда.

Интерпол маълумотларига кўра, Добринин Австрияда туғилган. Ҳозирда 52 ёшни қоралган Humans асосчиси Россия фуқароси экани қайд этилган.

Маълумот учун, Humans Ўзбекистон бозорига финтех-сервис, мобил алоқа хизматлари ва маркетплейсни ўзида жамлаган суперилова сифатида кириб келганди.

Аммо кейинроқ унинг фаолиятида қатор муаммолар пайдо бўлди. 2025 йил 14 октябрда Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank (собиқ «Равнақ-банк») аризасига асосан «Humans» МЧЖни банкрот деб топди. Қарз миқдори тахминан 430 млрд сўмга баҳоланган (бу 2025 йил июн ойида тўхтатилган Visa кобрендинг карталарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ).

Кейинроқ Humans карталаридан рухсатсиз пул ечиб олиш ҳолатлари кузатилди. Компания эса буни техник носозлик ва киберҳужумлар билан изоҳлаганди. Марказий банк эса текширув ўтказиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун материалларни Тошкент шаҳар ИИББга юборганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид