Ўзбекистон | 13:32
3475
2 дақиқада ўқилади

Равшан Муҳитдинов ҳам халқаро қидирувга берилган

Ўзбекистон Туркияда яшовчи 37 ёшли тадбиркор Равшан Муҳитдиновни ҳам Интерпол орқали қидирувга берди. У ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш, уюшган қуролли гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш ҳамда безориликда айбланмоқда.

Фото: Интерпол

Ўзбекистон ҳукумати 37 ёшли Равшан Муҳитдиновни халқаро қидирувга берди. Унинг исми Интерпол сайтидаги «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди.

У Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек, унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш) ва 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) бўйича жиноятларни содир этишда айбланмоқда.

Маълумотларга кўра, Равшан Муҳитдинов Туркияда яшайди ва тадбиркорлик билан шуғулланади. У шунингдек, Истанбулда рўйхатдан ўтган Dünya Engelliler Vakfı (DEV, Бутунжаҳон ногиронлиги бўлган инсонлар фонди) ташкилотининг молиявий масалалар бўйича вице-президенти ҳисобланади.

Қизил билдиришнома – номига ордер берилган шахснинг яшаш жойини аниқлаш ва қўлга олиш лозимлигини англатади. Уларга нисбатан экстрадиция ёки қонунда белгиланган бошқа чоралар қўлланади. У Интерпол томонидан аъзо мамлакатнинг сўровига биноан эълон қилинади ҳамда сўров юбораётган мамлакат суд органлари томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордери ёки суд қарорига асосланади.

Аввалроқ «Ўзбекистон металлургия комбинати» бошқарувининг собиқ раиси Дилшод Аҳмедов Интерпол орқали қидирувга берилгани хабар қилинганди. Унга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата қилиш моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид