Ўзбекистон | 07:46 / 27.12.2019
5460
3 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органлари ходимларининг малакаси оширилмоқда

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг сафдорлик ва сержантлик лавозимларидан офицерликка тайинланган ходимлар билан махсус сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда. 

Ўқув йиғинларида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Мамлакатимизда барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари тизимини ҳам такомиллаштириш, халқчил тузилмага айлантириш, «Жиноят ҳақиқати ва адолати», «Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар» деган тамойилларни амалда қарор топтириш соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш билан узвий боғлиқ, – дейди Навоий вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси инспектори, лейтенант Шоҳрух Иброҳимов. – ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилаётган беш кунлик сайёр ўқув йиғинларида соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, соҳа фаолиятига оид тажрибалар билан яқиндан танишяпмиз. Энди асосий вазифамиз олган билимларимизни кундалик фаолиятимизга татбиқ этиш ҳисобланади. 

Айни пайтда, ўқув машғулотларида тингловчиларга ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш, «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз хонадон» каби лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш механизмлари, халқ билан самарали мулоқотни ўрнатиш лозимлиги тушунтириб берилмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш лозимлигини кенг тарғиб этиш зарурлиги етказилмоқда.

– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда «ҳудудлар тажрибаси», хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ижобий тажрибаларни тушунтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани профилактика инспектори, лейтенант Аброр Далиев. – Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги каби мавзулар бўйича ҳам машғулотлар ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинига жалб қилинган ходимларга жойдаги ички ишлар органларида хизматни тўғри ташкил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан тегишли тавсиялар берилмоқда.

Мавзуга оид