Ўзбекистон | 13:29 / 27.12.2019
42243
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк иккита банкни жаримага тортди 

Фото: Марказий банк

Марказий банк «Ипотека-банк» ва «Агробанк»ни жаримага тортди. Бу ҳақда МБ хабарида айтилади.

Қайд этилишича, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлили айрим банклар томонидан мижозларга банк хизматларини кўрсатишда қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлигини кўрсатмоқда.

«Ипотека-банк» билан фуқаро Д.Н. ўртасида 2018 йилда уй-жой сотиб олиш мақсадида кредит шартномаси тузилган бўлиб, ушбу ипотека кредити қарз олувчига йиллик 9 фоиз ставка билан ажратилган. Бироқ, Ипотека-банк кредит шартномаси шартларига амал қилмасдан, қарз олувчига кредитдан фойдаланганлиги учун йиллик 16 фоиз ставкасида фоиз ҳисоблаган. 

Бундан ташқари, «Агробанк» томонидан фуқаро А.О.га тегишли бўлган банк картаси орқали операциялар амалга оширилиши асоссиз равишда тўхтатиб қўйилган ва ушбу факт ҳақида фуқарога хабар берилмаган. 

Марказий банк томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган банкларга нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари кўрилмоқда, дейилади маълумотда.

Банк хизматлари кўрсатишда йўл қўйилган қоидабузарликлар учун «Ипотека-банк» ва «Агробанк»дан Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 57-моддасига мувофиқ жарима ундирилди.

Банк хизматлари истеъмолчилари ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари банклар томонидан бузилган тақдирда Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки (71) 200-00-44 рақамли кўп каналли ягона «Ишонч телефони» орқали мурожаат этишлари мумкинлиги билдирилган.

Мавзуга оид