Жаҳон | 14:22 / 03.01.2020
2922
2 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги тошқин қурбонлари сони 40 нафардан ошди

Фото: AP

Индонезияда давом этаётган сув тошқинлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 43 нафарга етди. Бу ҳақда Табиий офатлар ва ижтимоий таъминот агентлигига таяниб, The Jakarta Post хабар берди.

Қурбонлардан 17 нафари бевосита тошқинда, 12 киши ер кўчкилари орқибатида ҳалок бўлган. 5 киши электр токидан, 3 киши совуққотишдан (гипотермия) вафот этгани маълум қилинган. Улар асосан Жакарта ва унга ёндош ҳудудлар аҳолисидир.

Фото: Antara Foto / Muhammad Iqbal / via Reuters

Пайшанба тонгидаги маълумотларга кўра, Индонезиянинг 15та ҳудудий бирлигида 409840 нафар киши эвакуация қилиниб, хавфсиз ҳудудга ўтказилган.

Аввалроқ, юзга яқин туманда тинимсиз равишда кучли ёмғир ёққани, кўплаб дарёлар ўзанидан чиқиб кетгани хабар қилинган эди.

Маълумот учун, бу каби табиий офатлар Индонезияда аввал ҳам кузатилган, жумладан, 2018 йилнинг сентябрида Сулавеси оролида кучли цунами ва 7,5 баллик зилзила туфайли 800дан зиёд киши вафот этганди.

Индонезия субэкваториал ва экваториал иқлим минтақасида жойлашган ороллардан таркиб топган. Субэкваториал минтақада жойлашган оролларда асосан икки мавсум бўлади: қуруқ ва ёмғирли. Ёмғирли мавсум ноябрь-февраль оралиғида давом этади ва сув тошқинлари содир бўлиш эҳтимоли айнан шу даврда ортиб кетади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид