Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида”ги Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририни қабул қилиш назарда тутилган.

Сенат Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Муҳаммад Жумагалдиевнинг ёзишича, янги таҳрирдаги Кодексда Солиқ кодексининг амалдаги тузилмаси сақлаб қолинган ҳолда уни умумий қисмга (солиқ маъмуриятчилиги масалалари) ва махсус қисмга (солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари) бўлинишини назарда тутади.

Жумладан, умумий қисмда қуйидагилар назарда тутилган: солиқ солишга оид халқаро шартномаларни қўллаш тартиби иқтисодиётни фаол ривожлантиришнинг бугунги кунги ҳолати ва талабларидан келиб чиққан ҳолда тубдан такомиллаштирилган.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принциплари қайд этилгани ҳолда, қонун ҳужжатларида бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршилик ва ноаниқликларнинг солиқ тўловчи фойдасига ҳал этилиши ҳам белгиланган.

Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, солиқ турлари 13 дан 9 гача қисқартирилган.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи яъни хўжалик фаолияти бўйича фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш мақсадида шартнома асосида ихтиёрий бирлашган гуруҳ ташкил этиш ва уни тугатиш шартлари каби бугун бизнес юритишда халқаро тажрибада кенг қўлланиб келинаётган талаблар ҳам кодексда ўз аксини топган.

Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларни 42 та мезон асосида 3 сегментга, яъни, “виждонли”, “шубҳали” ва “мунтазам ҳуқуқбузарлар”га ажратган ҳолда улар билан алоҳида фаолият ташкил этиш йўлга қўйилади.

Виждонли категориясидаги солиқ тўловчилар, уларнинг шу рўйхатда бўлган даври давомида хеч қандай текширув ўтказилмаслиги;

шубҳали категориясидаги солиқ тўловчилар камерал назорат тартибида назоратга олиниб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинса бошқа текшириш амалга оширилмаслиги;

мунтазам ҳуқуқбузарларни эса аудит текшируви орқали жойида текшириш кўзда тутилган.

Солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш, солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ваколатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга берилган.