Жамият | 10:00 / 10.01.2020
9052
2 дақиқада ўқилади

«ERIELL Group» «Учтепа» конидаги янги қудуқларни бурғулаш ишлари натижаси бўйича маълумот берди

Фото: ERIELL Group

«ERIELL Group» Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги «Учтепа» конида нефть ва газ қазиб олиш ҳажмини ошириш имконини берувчи янги қудуқларни қазиш ишларини навбатдаги марта муваффақиятли якунлади.

«Ўзбекнефтегаз» АЖ компанияси томонидан бурғуланган №11 рақамли очиқ эмиттерли қудуқда «ERIELL Group» мутахассислари қудуқнинг ён устунини кесиш ва вертикалдан 300 метрдан ортиқ масофага силжиш технологиясини қўлладилар. Натижада олдинги сув оқими ўрнига суткалик 11,2 кубометр ҳажмда нефть қазиб олиш кўрсаткичига эришилди. 

Мазкур технология – нефть саноати маҳсулдорлигини оширувчи самарадор услуб ҳисобланади. Ён томондан горизонтал қувурлар яратиш жараёнга жалб қилинмаган қатлам ва участкаларни ҳам қамраб олиш, бундан ташқари жойлашув жиҳатдан мураккаб бўлган фойдали қазилмаларга ҳам етиб бориш имконини беради. Шунингдек, бу тартибда ишлаш атроф муҳитга бўлган ножўя таъсирларни камайтиришга ёрдам беради.

№12 рақамли қудуқни бурғулаш ҳамда ишга тушириш 1087-1080 м ва 1063-1054 м интервалда «зангори олов»нинг суткалик дебитини 209,65 минг кубометрга етказиш компаниянинг навбатдаги самарали ютуғи бўлди.

Йил якуни №13 рақамли қудуқда бурғулаш ва ишга тушириш орқали суткалик 215,397 минг кубометр саноат оқими кўрсаткичи билан эсда қолди.

Эслатиб ўтамиз, «Учтепа» конидаги бурғулаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йиллар учун мўлжалланган углеводород хом-ашёсини қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури»га (9 март 2017 йил №ПП-2822) асосан ҳамда Фарғона водийси ҳудудида аҳолини табиий газ билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

«ERIELL Group» компанияси Матбуот хизмати

Мавзуга оид