Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танқиддан сўнг: Хоразмдаги боғчадаги ноқонуний қурилма бузиб ташланди, мутасаддиларга чора кўрилди
2019 йилнинг 18 декабрь куни Kun.uz сайтида «Бу саунами ё спорт залими?» - Урганч туманидаги болалар боғчасининг бир қисмида ноқонуний бино қурилди» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганди.

Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси мазкур мақолага муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мақолада келтирилган ҳолат бўйича Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси олдинроқ ушбу ноқонуний ҳаракатни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузган ҳолда ўрганиш ишларини олиб борган.
Урганч туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сон мактабгача таълим ташкилоти мудираси Зумарад Кушчанова фуқаро Дилмурод Аллаберганов билан оғзаки келишув асосида ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот ҳудудида гўёки тарбияланувчилар учун гимнастика зали сифатида фойдаланиладиган иншоот қурилишига рухсат бергани, қурилиш ишлари тезкорлик билан бошланган ҳолда, қисқа муддат ичида қурилиб битказилгани аниқланган.
«Бошқарма томонидан ушбу мактабгача таълим ташкилотида 2019 йилда олиб борилган жорий ремонт бўйича қилинган ишларни ўрганиш мақсадида борилганида ушбу ноқонуний қурилма аниқланган. Ноқонуний қурилмани ким ва қачон қурилгани юзасидан ташкилот мудирасидан изоҳ сўралганда, у аниқ бир гап айтмасдан, ижара шартномаси асосида ер майдонини ажратганман, деб таъкидлаган, холос.
Юқоридаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан ҳолатни ўрганиб, қонуний чора кўрилиши бўйича Хоразм вилоят прокуратурасига 16 декабрь куни 01-01/2-4-1828-сонли мурожаат тақдим қилинган.
Шу билан бирга, Мактабгача таълим бошқармалари ҳамда тизимдаги барча корхона ва ташкилотларнинг ҳисобида бўлган бино-иншоотлар, улар жойлашган ер участкалари ҳамда бошқа мол-мулкларини бошқариш ва тасарруф этиш ваколати вазирлик раҳбариятига берилган бўлиб, ер участкаларини маҳаллий ҳокимликларнинг захира фондига ўтказишга розилик бериш қатъий равишда вазирлик раҳбарияти билан келишилган ҳолда амалга оширилиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Шунга қарамасдан, Урганч туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сон мактабгача таълим ташкилоти раҳбари З.Қўшчанова томонидан ўзбошимчалик билан фуқаро Аллаберганов Дилмурод билан оғзаки келишган ҳолда 4-сон МТТ тасарруфида бўлган ер майдонидан 2019 йил октябрь ойида янги бино қурилишига рухсат берганлиги аниқланди.
Бугунги кунга келиб Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси томонидан ушбу мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини якунламоқда.
Юқоридаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўйича вақтида олиб борилмаган назорат ва сусткашлиги учун Урганч туман Мактабгача таълим бўлим мудири ва Урганч тумани 4-сон мактабгача таълим ташкилоти мудираларига меҳнат қонунчилигида белгиланган чоралар кўрилди.
Урганч тумани 4-сон мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатларсиз қурилган ноқонуний қурилма бугунги кунда бузиб ташланди.
Келгусида юқоридагидек ҳолатлар рўй бермаслиги учун барча мактабгача таълим ташкилотлари мудираларидан кафолат хатлари олинди. Шу билан биргаликда, бугунги кунда вилоятдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудида шундай ноқонуний қурилмаларнинг бор ёки йўқлиги бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади бошқарманинг таҳририятга йўллаган муносабатида.
Мавзуга оид
12:15 / 10.04.2026
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
16:53 / 06.01.2026
Хоразмда дарахтга бориб урилган Nexia ҳайдовчиси ҳалок бўлди
16:51 / 30.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси уйга қайтди
13:53 / 29.09.2025