Ўзбекистон | 09:01 / 15.01.2020
3284
5 дақиқада ўқилади

Электрон тижоратда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган бўлади

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қуйидаги таҳрирдаги 24-1-модда билан тўлдирилади:

“24-1-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши

Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қиладилар;

Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияларга услубий-амалий кўмаклашишини таъминлайдилар;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳудудларида:

аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширадилар;

истеъмолчиларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқадилар;

жамоатчилик назоратини амалга оширишда жамоатчилик тузилмалари ролини ва аҳолининг фаоллигини оширадилар;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларига истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашадилар.”.

Шунингдек, қуйидаги таҳрирдаги 28-1-модда билан тўлдирилади:

“28-1-модда. Электрон тижоратда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдисини амалга оширишда сотувчи (иш, хизмат кўрсатувчи) истеъмолчига қуйидагилар тўғрисида маълумотни тақдим этиши шарт:

сотувчининг (ижрочининг) номи, унинг манзили ҳамда шикоятларни қабул қилиш тартиби;

ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг тўлиқ номи, жойлашган юридик манзили, импорт қилинган товарлар бўйича ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчининг номи, юридик манзиллари;

товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари;

товар (иш, хизмат) нархи, етказиб бериш нархи ва тўлов шартлари;

кафиллик мажбуриятлари, маҳсулотни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматлар;

етказиб бериш ва шартномани бажаришнинг бошқа шартлари;

агар маҳсулот ёки хизматларни даврий етказиб бериш назарда тутилган бўлса шартноманинг минимал амал қилиш даври;

таклифларни қабул қилиш даври;

шартномани бекор қилиш тартиби.

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартномалар бекор қилинганда, сотувчи (ижрочи) истеъмолчига маҳсулот қайтариладиган жой тўғрисида хабар бериши керак.

Маҳсулотни қайтариш билан боғлиқ барча харажатлар сотувчи (ижрочи) зиммасига юкланади.

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартномалар бекор қилинганда истеъмолчининг маҳсулотни ўзида сақлаш мажбурияти маҳсулот олинган кундан 60 кун ўтгач якунланган ҳисобланади. Агар сотувчи ушбу давр мобайнида маҳсулотни қайтариш чораларини амалга оширмаса, бундай маҳсулот истеъмолчи ихтиёрига мажбуриятсиз ўтган ҳисобланади.

Маҳсулотни истеъмолчининг айби билан бўлмаган шикастланиши, бузилиши ҳамда маҳсулотни кўриш, текшириш учун қадоғини очилиши ҳисобига қийматини тушиши истеъмолчини шартномани бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Агар белгиланган муддатларда сотувчи шартнома бекор қилингандан сўнг тўланган суммани қайтармаса, истеъмолчига қайтаришнинг ҳар бир кечиктирилган куни учун маҳсулот қийматининг бир фоизи миқдорида жарима тўлашга мажбур.”.

Қуйидаги таҳрирдаги 29-1-модда билан тўлдирилади:

“29-1-модда. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ низоларни судга қадар ва суддан ташқари ҳал қилиш

Низоларни судга қадар ҳал этиш тартиби – бу шундай тартибки, унда томонлар юзага келган зиддиятли вазиятларни ҳал этиш учун қонунда кўрсатилган воситалардан фойдаланишга мажбурлар ва фақатгина ушбу низоларда келишувга эришилмаган ҳолда улар судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Тегишли воситалардан фойдаланишнинг мажбурлиги – низоларни судгача ҳал этишнинг ўзига хос жиҳати бўлиб ҳисобланади.

Низоларни суддан ташқари ҳал этиш тартиби – низоларни судда ҳал этиш усуллари ўрнига қўлланиладиган усуллар тартибидир. Уларга музокаралар, воситачилик (медиация жараёни), келишув жараёни, арбитраж ва бошқалар киради. Низоларни ҳал этишнинг суддан ташқари усулларидан фойдаланиш томонларни судга мурожаат этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Низоларни ҳал этишнинг суддан ташқари усулларининг ўзига хос томони бўлиб уларнинг фақатгина томонлар келишувига кўра қўлланиши ҳисобланади.

Музокаралар томонлар ўртасида бевосита алоқанинг мавжудлиги билан аҳамиятлидир. Томонлар учинчи шахснинг иштирокисиз бевосита низоли муаммони ҳал қилишлари ва келишув битимини тузишлари мумкин.

Музокаралар турли – ёзма, оғзаки, аралаш шаклларда амалга оширилиши мумкин.”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид