Жамият | 11:31 / 15.01.2020
11099
2 дақиқада ўқилади

Тойлоқда 50 йиллик чинорни кесган фуқаро жарима тўлади, етказилган зарар суд орқали ундирилади

12 январь куни Тойлоқ тумани «Хўжа юз» маҳалласи фуқаролари ҳудудидаги 50 йиллик бир туп чинорнинг ўзбошимчалик билан кесилиши юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилган. Маҳалла аҳлидан бу борада Kun.uz сайтига ҳам мурожаат келиб тушган.

Шу куни Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва туман инспекцияси вакиллари мазкур муаммони ўрганиб чиқишган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, Хўжа юз қишлоқ патронаж пункти ҳудудида ўсиб турган бир туп, диаметри 76 сантиметр бўлган чинор дарахти ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Ф.Худойбердиев томонидан рухсатсиз, ноқонуний равишда кесилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ф.Худойбердиевга нисбатан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларнинг тегишли моддалари талабларини бузганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий қарор чиқарилган ва 1.115.000 минг сўм жарима қўлланилган.

Етказилган 45.715.000 минг сўм зарарни ундириш бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига тақдим қилинган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид