Иқтисодиёт | 19:31 / 15.01.2020
40759
2 дақиқада ўқилади

«Уннинг очиқ савдода сотилиши – тарихий ҳодиса» – ЎзТХАБ

Биржадаги очиқ ун савдоларида ҳар куни мингдан ортиқ тадбиркор қатнашяпти.

Бугун, 15 январь куни республика «Товар-хомашё биржаси» АЖ ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда масъуллар томонидан 2019 йил 15 октябрдан бошлаб, I навли уннинг очиқ биржа савдоси орқали сотилиши йўлга қўйилгани ва унинг қай даражада самара бераётгани ҳақида маълумот берилди.

«Ун маҳсулотининг очиқ савдода сотилишини тарихий воқеа дейиш мумкин. Чунки салкам 30 йил давомида ун маҳсулоти ҳеч қачон очиқ сотилмаган. 15 октябргача фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар унни чакана тарзда харидорларга сотишган.

Бунда гарчи уннинг заводдан чиқиш нархи 1 450 сўм, чакана савдодаги нархи эса 1 900 сўм этиб белгиланган бўлса-да, бозорларда 3 000 минггача сотилган», – дея маълумот берди биржа бошқарув раиси ўринбосари Ислом Иброгимов.

Унинг қайд этишича, очиқ тарзда ўтказилаётган ун савдоларида ҳар куни мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этмоқда ва янги механизм яхши ишламоқда.

Очиқ савдо тартиби жорий этилган илк ойларда нарх бирмунча ошган бўлса-да, ҳозир уннинг нархи 12 фоизга камайгани кузатилган.

Расмийларга кўра, нархларнинг пасайишини бозорда товар ҳажмининг ўсиши ва улардан эркин фойдаланиш имконияти пайдо бўлгани билан изоҳлаш мумкин.

Мавзуга оид