Жамият | 16:40 / 16.01.2020
10723
1 дақиқада ўқилади

Божхоначилар кўкатлар остига яширилган салкам 300 млн сўмлик ондатра тери-мўйналарини фош қилишди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси томонидан ёввойи ҳайвонларнинг тери ва мўйнасини ноқонуний олиб ўтилишини олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Навоий” чегара божхона постида ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур пост орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган 3 нафар фуқаролар тўхтатилиб, уларнинг қўл юклари холислар иштирокида кўздан кечирилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда

Аввалига ушбу шахслар 4 дона қоғоз қутиларда укроп, кашнич каби кўкатларни олиб чиқишаётганини маълум қилишган эди. Аммо, кўздан кечириш давомида кўкатлар остига 3081 дона ондатра тери-мўйналари моҳирлик билан яширилгани фош қилинди.

Божхона назоратидан яширилган мазкур тери-мўйналарнинг қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга салкам 300 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид