Жаҳон | 12:36 / 17.01.2020
21557
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони қўшинлар жойлаштирилиши учун АҚШга илк 500 млн долларни тўлаб берди

Фото: Global Look Press

Саудия Арабистони ҳукумати АҚШ қўшинлари ва ҳарбий техникасининг подшоҳликда жойлаштирилиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида Вашингтонга 500 млн доллар тўлаб берди. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазирлиги расмий вакили Ребекка Ребарихга иқтибос келтирган ҳолда CNN телекомпанияси хабар берди. 

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ қўшинлари Ироқдан чиқарилгудек бўлса, унда Вашингтон Ироқда қурилган ҳарбий база ва элчихона учун Бағдоддан компенсация олиши мумкинлигини айтганди. Трамп бундай ёндашувга Оқ уйнинг Ар-Риёд билан ҳарбий ҳамкорлигини мисол қилиб келтириб ўтган. “Бизга пул тўлаган Саудия Арабистонига қўшин жўнатдик. Улар банкдаги депозитга 1 млрд доллар киритишди”, деб айтган Трамп.  

Ребарихнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони АҚШ қўшинларининг жойлаштирилиши билан боғлиқ харажатларни кўтаришда ёрдам беришга рози бўлган ва биринчи бадални киритган. Пентагон вакилининг айтишича, 2019 йил декабрда киритилган ушбу биринчи бадал қиймати 500 млн долларга яқинни ташкил қилган. 

Пентагон 2019 йил 11 октябрда Саудия Арабистонига қўшимча 3 минг ҳарбий юборишини, у ерда қирувчи самолётлар иккита эскадриляси, Patriot зенит-ракета мажмуасининг иккита батареяси ва THAAD ракета ҳужумига қарши мудофаа тизимини жойлаштиришини эълон қилган. АҚШ маъмурияти бундай қарорни 14 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть компаниясининг иккита объектига зарбалар берилгандан кейин қабул қилган. Ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни яманлик ҳусийчилар ўз зиммасига олганди.

Мавзуга оид