Спорт | 10:29 / 18.01.2020
2843
4 дақиқада ўқилади

Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қабул қилинади

Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциацияларининг асосий вазифалари этиб белгиланиши мумкин:

болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, спорт таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни ташкил этиш;

юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш;

футбол соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этишни ташкил қилиш;

футбол соҳасини бозор механизмлари асосида бошқарилишини таъминлаш;

футбол клубларини хусусий секторга ўтказишни ташкил этиш ҳамда улар орасида соғлом спорт рақобати муҳитини яратилишини таъминлаш;

футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали “ўзбек футболи” бренди яратилишини таъминлаш;

футбол соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-методик ва инновацион технологияларини жорий этиш;

футбол соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш юзасидан доимий равишда таклифлар ишлаб чиқиш;

футболни, шу жумладан ҳудудий футбол ассоциациялари аъзоларини, футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, футбол фахрийлари ва бошқа мутахассисларни илмий-методик ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга кўмаклашиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклатилади:

ҳудудий футбол ассоциацияларининг молиявий ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлашда, тегишли ҳудудда футболни ривожлантириш учун ҳомийлар бириктиришда, шунингдек ҳудудий футбол ассоциацияларини жойлаштириш учун бино-иншоотлар ажратилади;

ҳудуддаги футбол маҳорати мактабларининг ривожланишини доимий назорат қилиш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда кўмаклашади;

“Спорт мактаблари футбол лигаси” ва “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақаларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига киритиш ва ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилишини ўз вақтида амалга оширилади;

тегишли ҳудудда профессионал футболни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилиши, жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабларига асосан ҳар бир туман (шаҳар)дан ҳудудий биринчиликларда иштирок этувчи камида битта футбол жамоаси ва ўтказиладиган мусобақаларга мос равишда марказий стадион бўлишини таъминланади.

Белгилаб қўйилишича:

а) ҳар бир ҳудудий футбол ассоциациясининг биринчи вице-президентларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тақдимномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда, ҳудудий футбол ассоциациялари ҳар йили Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси ва штат жадвалига мувофиқ молиялаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид