Ўзбекистон | 23:51 / 18.01.2020
30139
3 дақиқада ўқилади

«Кинолар орқали Корея, Туркия тарихини ўрганиб бўлдик. Ўзимизникини қачон ўрганамиз?» - талаба вазирга таклиф берди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Отабек Розиқов туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига тарихий жойларда тарихни жонлантириш, ўша давр муҳитини яратишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Розиқовнинг айтишича, бу орқали тарихимизни, Ўзбекистонни текин реклама қилса бўлади.

“Бизга Ўзбекистонни кўп харажат қилмасдан чет элда реклама қиладиган лойиҳа керак. Хитой, Корея, Англия, Мексика ва бошқа қатор давлатларда бу нарса бор. Лойиҳа ўз ичига тарихий жойларда тарихни жонлантириш, ўша давр атмосферасини яратишни ўз ичига олади. Мисол учун, ўша пайтдаги одамларнинг либосларини кийиб юриш, бунинг учун одамларни ўша ишга ёллаш керак бўлади. Римни кўрсак, ҳар хил тарихий жойларида Цезарнинг аскарлари қадимий ҳарбий кийимларда юришади, сайёҳлар бунга жуда қизиқишади. Бизда ҳам шу нарса жорий этилса, юртимизга келган сайёҳлар бу ерда суратга тушишади. Бугунги кунда Инстаграм, Твиттер, Фейсбукда ҳамманинг саҳифаси бор. Табиийки, улар суратларини ижтимоий тармоқларга жойлашади ва бу қаерда олинганини кўрсатишади. Ўша орқали тарихимизни, Ўзбекистонни текин реклама қилса бўлади”, дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Отабек Розиқов.

Талабанинг қайд этишича, бу орқали миллий кинематографиямизни ривожлантириш, хусусан, тарихий кинокартиналар яратилиши кўпайишига хизмат қилади. “Кинолар орқали Корея, Туркия тарихини ўрганиб бўлдик. Ўзимизникиям ўргансак яхши бўларди”, дейди у.

“Кинотуризм, анимациялар орқали тарихимизни етказиб бериш, жойларда тарихий муҳитни яратиш – долзарб масала. 2018 йилда тематик паркларни қуриш бўйича давлат раҳбари ҳаммага имтиёз берди. Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб қайсидир маънода ўша концепцияни тўлиқ қамраб олмаган 11 та ана шундай тематик парк пайдо бўлди. Самарқандда “Bog‘ishamol Garden” очилди, сиз айтгандай миллий кийимларда ҳар хил намойишлар ҳамманинг кўз олдида XIV асрни гавдалантиради. Шу нарса бугунги кунда давом этяпти. Худди шундай концепция билан Тошкент вилоятида 70 гектар жойда тематик парк барпо этилиши кутиляпти, бу бўйича канадалик инвесторлар билан гаплашдик. Булар маълум вақт талаб қиладиган лойиҳалар, лекин бу бўйича иш кетяпти”, деди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов.

Мавзуга оид