Жамият | 22:33 / 20.01.2020
45646
2 дақиқада ўқилади

15 суткага қамалган фуқаро суд ва прокуратурадан шикоят қилди

Шу ойнинг ўрталарида Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати Тошкент шаҳар ИИББга қарашли махсус қабулхонага пресс-тур ташкил этган эди. Унда маъмурий ҳуқуқбузарлик учун 3-15 суткага қамалганлар сақланаётган шароитлар билан танишишга имкон берилганди. 

ОАВ вакиллари пресс-тур чоғида ўзини Иброҳим Ғофуров деб таништирган ҳуқуқбузар билан суҳбатлашди. У алимент квитанцияларини судга тақдим эта олмагани учун 15 суткага қамалганини алоҳида таъкидлаб, Чилонзор туман суди ва прокуратура идоралари унинг сўзларини инобатга олмаганини таъкидлади. 

«Алимент пулини бериб, квитанциясини олиб бермаганимга 15 сутка олдим. Квитанция олиб келмагансан, дейишди. Мен унга ишониб, қўлига берувдим. Судья қўнғироқ қилганида “мен ҳеч нарса олмаганман”, деди. Сабаб шу бўлди. 

Ўзим яқинда келувдим. 2014 йилдан Россияда ишладим. У ёқда ўхшамади. Қуруқ қайтиб келдим. 2014 йилда кетган бўлсам, 2017 йил охиригача доимий пул жўнатиб турганман. Булар ҳам эътиборга олинмади. Биттаси қарагани ҳам йўқ. Текширгани ҳам йўқ. Прокуратурага ҳам ёздим. “Келинг-келинг”, дейишди, тайинли гап йўқ.

Бу ердан чиққач, адвокат оламан, давлат адвокатидан. Пулим йўқ адвокатга тўлашга. Менга 2 боламга 1 933 минг сўм ёзган. Айбсизлигимни исботлашим керак. Тўғри квитанция олмаганман. Бирга яшайман, деб алдади мени. Мана янги йилгача бирга эдик. Ишга кирганимга бир ой бўлганди. “Газель” ҳайдайман. Ишдан олиб кетишди», - дейди Иброҳим Ғофуров.

Kun.uz таҳририяти Чилонзор туман суди ва прокуратураси ушбу иш юзасидан тўлиқроқ ўрганишлар олиб боради, деб ишонч билдиради.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид