Жамият | 21:28 / 22.01.2020
8949
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда МИБ ижрочиларига фуқаро томонидан ўт қўйишга уринишдан шикаст етмаган — МИБ расмий изоҳи

Турли интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Самарқандда бир аёл МИБ ходимлари устига бензин сепиб, ёқиб юборишга урингани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

«Тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали қарздорликни камайтириш, энергия тармоқларига ноқонуний уланиш, суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш каби вазифаларини бажариш Бюро ходимларига осон кечмаяпти.

Айрим ҳолларда фуқароларимиз ходимларнинг қонуний талабини бажариш ўрнига куч ишлатиб, қаршилик кўрсатиш билан масалани ўз томонига ҳал этиш мумкин деб ҳисобламоқда», дейилади изоҳда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеага кўра, 2020 йил 21 январь куни соат тахминан 14:20ларда МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Бекмухамедов иш юритувидаги жавобгар Д.Розиқовани Самарқанд шаҳар, Навоий шоҳкўчаси 49-уй, 16-хонадондан мажбурий чиқариш ҳақидаги Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан, 12 нафар давлат ижрочиларининг амалий ёрдамида мажбурий ижро ҳаракатларини бошлаган вақтида Д.Розиқова давлат ижрочиларини алдаб, хонадонга кириб, ичкаридан сочиқни ёққан ҳолда кўтариб чиқиб, подъездда тўпланиб турган давлат ижрочиларига қарата улоқтирган.

Сочиқ давлат ижрочиларига тегмасдан ўтиб кетиб биринчи қаватнинг чиқиш зинасига тушган. Лекин Д.Розиқова бу билан чегараланмасдан, хонадон ичидаги баклашкага солинган бензин ёқилғисини ҳар томонга шу жумладан, ёниб турган сочиқни кучлироқ алангалаши учун устидан сепа бошлаган. Сепилган бензин давлат ижрочиларини кийимларига ҳам тушган бўлса-да, давлат ижрочиларини четлаб қолишлари натижасида аланга уларнинг кийим бошларига тегмаган.

Мазкур ҳолатда бирор-бир МИБ ходими ёки фуқаролар тан жароҳатлари олишмаган. Д.Розиқова ИИБ ходимлари томонидан тинчлантирилган ва турли жойлардаги олов ўчоқлари ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан бартараф этилган.

Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Д.Розиқовага нисбатан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан 21.01.2020 йилда Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

«Тўлов интизоми кўп жиҳатдан истеъмолчиларнинг тўлов маданиятига риоя этишларига бевосита боғлиқ.

Ўз вақтида амалга оширилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун амалга оширилган тўловлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва ички инфратузилмани кўтариш, энергетика соҳасини модернизациялаш ҳамда янги технологик лойиҳаларни жалб этишда муҳим ўрин тутади.

Ачинарлиси, тўлов қобилияти эга бўлган айрим фуқаролар, қарздорликни бартараф этиш ўрнига, ижтимоий тармоқлар орқали МИБ фаолияти ҳақида бўҳтонли хабарларни жойлаштиришга ҳаракат қилишмоқда.

Шу боис, истеъмолчиларни энергия ресурсларидан фойдаланишга оид шартнома мажбуриятлари, тўлов интизомига риоя қилишга ҳамда суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини сўзсиз бажариш лозимлигига ундаб қоламиз», дейилади МИБ маълумотида.

Маълумот учун. Бугун 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари билан «Коммунал соҳадаги асоссиз қарздорликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар» мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда, иш ҳажмининг кўплиги ва оғир шароитда ишлашни истамаган 6300дан ортиқ яқин ходимлар ўз хоҳиши билан ишдан бўшатилгани, ўтган йил давомида Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ 132та ҳолатлар аниқланиб, айбдорларга қонуний чора кўрилгани, шунингдек МИБ ташкил этилгандан буён 4 нафар ходим ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этгани, 200дан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилгани ҳақида маълумотлар берилди.

Мавзуга оид