Жамият | 23:25 / 22.01.2020
36018
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЙПХ ходимига бўйсунмасдан, уни судраб кетган ҳайдовчи ушланди

22 январь куни Telegram мессенжеридаги каналларда ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ, давомийлиги 16 сониядан иборат видеолавҳа тарқалди.

Видеода оқ рангли «Дамас» бошқарувида бўлган ҳайдовчи Самарқанд шаҳрининг Буюк ипак йўли кўчасида ЙПХ ходимининг тўхташ тўғрисидаги талабларига бўйсунмасдан, ходимнинг устига қараб ҳаракатланиб, уни сирпанчиқ йўл орқали судраб кетиб, сўнгра қочиб кетгани ва мазкур воқеа бир неча фуқаролар томонидан видеотасвирга олингани акс этган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида воқеага ойдинлик киритилган.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 22 январь куни соат 14:00лар атрофида сафдор О.Ғоибов Самарқанд вилояти ҳудудида йўловчи ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланаётган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ва Самарқанд вилояти Транспорт бошқармаси томонидан ҳамкорликда, 2019 йил 10 январь кунида тасдиқланган 11/3-110-сонли тақсимотга асосан хизматга жалб этилган.

Шу тақсимот асосида Самарқанд шаҳар Буюк ипак йўли кўчаси бўйлаб Самарқанд вилоят Транспорт бошқармаси 1-тоифали инспектори З.Ёрқулов билан бирга хизмат олиб бориши жараёнида номаълум «Дамас» русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси Самарқанд шаҳар Нарпай кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келиб, Буюк ипак йўли кўчасига қайрилиб олиб тўхтаб, йўловчиларни тушираётган вақтида сафдор О.Ғоибов унга жезл ёрдамида тўхташ ишорасини берган.

Шунга қарамасдан, ҳайдовчи автомобилни ички томондан қулфлаб олиб, транспорт воситасини орқа томонга ҳаракатлантириб, сўнгра сафдор О.Ғоибовнинг транспорт воситасидан тушиш ва бошқарув ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисида берган қонуний талабларига бўйсунмасдан, транспорт воситасини ҳаракатлантириб, ходимни йўлнинг сирпанчиқ қисми орқали судраб бориб, Самарқанд шаҳар Нарпай кўчаси йўналишида бошқариб кетган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари жараёнида мазкур «Дамас» русумли транспорт воситаси Самарқанд тумани Туркман қишлоғида яшовчи фуқаро О.Х.га тегишли экани, воқеа пайтида рулда О.Х.нинг ўғли А.Б. бошқарганлиги аниқланган.

А.Б.га нисбатан МЖтКнинг 128-моддаси (Транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслик), 128(4)-моддаси 2-қисми (Светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиш), 135-моддаси 2-қисми (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Транспорт воситаси эса «ERSTRA AVTO SERVIS» МЧЖга қарашли вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.

Шунингдек, фуқаро А.Б. томонидан Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, унинг қонуний фаолият олиб боришига фаол қаршилик кўрсатганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш учун унга нисбатан МЖтКнинг 194-, 195-моддалари тартибида тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилиш учун Самарқанд шаҳар маъмурий судига юборилган.

Суд томонидан мазкур маъмурий иш кўриб чиқилиши натижалари бўйича қўшимча равишда ахборот берилади.

Мавзуга оид