Зеленский Европа Иттифоқига Британия ўрнига Украинани олишни таклиф қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Брюсселга Европа Иттифоқига ундан чиқишни истаётган Британия ўрнига Украинани олишни таклиф қилди. Зеленский бу ҳақда Давосда ўтаётган Бутунжаҳон иқтисодий анжуманидаги нутқида айтиб ўтди.
Украина президентининг таъкидлашича, Киев ўз келажагини Европа Иттифоқи таркибида кўрмоқда. “Биз Европа Иттифоқи билан ассоциация ҳақидаги келишувни имзоладик, биз Европа Иттифоқига кириш томон йўналмоқдамиз. Бироқ биз шуни тушунишимиз керакки, Европа Иттифоқига нафақат Украина киришни истамоқда”, деб таъкидлаб ўтган Зеленский.
Унинг таъкидлашича, Украинани кўплаб давлатлар қўллаб-қувватламоқда ва унинг келажагини тенгҳуқуқли ҳамкор сифатида Европа Иттифоқи таркибида кўрмоқда.
Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга киришга йўналгани мамлакат конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Тегишли қонунни 2019 йил февралда ўшандаги президент Пётр Порошенко имзолаган. Владимир Зеленский ҳам ушбу йўналишни қўллаб-қувватлашини айтган. Айни вақтда Украинанинг Европа Иттифоқи таркибига киришини қўллаб-қувватловчи украиналиклар улуши 64 фоиздан ошади.