Жаҳон | 22:57 / 23.01.2020
12673
1 дақиқада ўқилади

Австралиядаги ёнғинларни ўчиришда иштирок этган самолёт ҳалокатга учради

Фото: EPA

Австралиядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш вақтида C-130 Hercules самолёти ҳалокатга учради. 22 январда йўқолиб қолган самолёт бортида 3 америкалик бўлган ва уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Бу ҳақда 23 январда Янги Жанубий Уэльс штати ўт ўчириш хизмати бошлиғи Шейн Фицсиммонсга таянган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Фицсиммонснинг маълум қилишича, ўт ўчириш хизмати самолёт экипажи билан 22 январь соат 14 атрофида алоқани йўқотган. Самолёт Канаданинг ўт ўчириш билан шуғулланувчи Coulson Aviation компанияси томонидан ижарага олинган бўлган. 

Sydney Morning Herald нашри маълумотларига кўра, ҳарбий-транспорт самолётининг бўлаклари штат жанубидаги Кум шаҳри яқинида топилган. Авиаҳалокат сабаблари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Австралияда 2019 йил сентябрида бошланган ўрмон ёнғинлари миллионлаб гектар ерни кулга айлантирди, унинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони 32 кишига етди. Таъкидланишича, баъзи жойларда ёнғинлар шунчалик кучли бўлмоқдаки, уларни ҳаводан ўчиришнинг иложи бўлмай қолган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид