Жаҳон | 21:35
1202
2 дақиқада ўқилади

Россияда Ту-22М3 бомбардимончиси ҳалокатга учради

Экипаж катапульта қилган, учувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч қандай хавф йўқ.

Фото: Видеодан кадр

Ту-22М3 самолёти Иркутск вилоятида қўниш пайтида ҳалокатга учради, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, бомбардимончи самолёт режали ўқув-машғулот парвозини амалга оширган. Экипаж катапульта қилган, учувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч қандай хавф йўқ.

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, самолёт ўқ-дорилар тўпламисиз парвоз қилган. Гувоҳларнинг айтишича, самолёт Свирск шаҳри яқинида қулаган.

Ту-22М3 — узоқ масофали товушдан тез учувчи бомбардимончи ракета ташувчи самолёти, унинг қиймати тахминан 100 миллион доллар. Бу самолётлар Россия Ҳаво-космик кучларининг узоқ масофали авиацияси таркибига киради. Узоқ масофали авиация самолётлари Россия ядровий триадасининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади, бироқ улар оддий ракета-бомба қуроллари, жумладан, қанотли ракеталар билан ҳам зарба бериши мумкин.

Ту-22М3 самолётлари 2025 йил апрель ойида Иркутск вилоятининг Усолск туманида, 2024 йил август ойида эса Иркутск вилоятининг Черемхов туманида ҳалокатга учраган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид