Ўзбекистон | 20:10 / 23.01.2020
41880
3 дақиқада ўқилади

Россия сафари: Москва полициясининг Ўзбекистон элчихонасига «алоҳида эътибори» ҳақида

​​​​​​​Kun.uz мухбирлари бир ойдан ошиқроқ вақт давомида хизмат сафари билан Россияда бўлиб қайтди. Бу сафар билан боғлиқ навбатдаги мақолада рус полицияси марказий осиёликларга алоҳида шубҳа билан қараши ҳақида сўз боради.

Россия томон поездда йўлга чиқдик. Биринчи бориб тушган жойимиз Қозон вокзали бўлди. Вокзалда рўй берган биринчи таассуротимиз ҳақида эса аввалги видеоматериалимизда тўхталиб ўтган эдик.

Москвага етиб келгач, вокзалдан чиқишимизда бизни полиция ходими тўхтатди ва ҳужжатларимизни текширишини айтди. Ҳужжатларимизни кўриб, қўлидаги аппаратига нималарнидир қайд этиб қўйди.

Полиция ходимига, албатта, нима учун келганингиз ва Москвада нима қилишингизни айтишингиз керак. Аммо билишимизча, сизни бундай тўхтатиб, сўроқ қилиш Россия қонунчилигида йўқ. Шубҳасиз, марказий осиёликларга хос ташқи кўринишимиз ва қўлимиздаги юклар полиция ходимининг эътиборини тортган.

Бир неча кун ўтиб, сайлов жараёнини ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси элчихонасида бўлдик. Элчихонага бориш йўлида эса Қозон вакзалидаги ҳолатга ўхшаш воқеа содир бўлди. Рус полициясининг элчихонамизга «алоҳида эътибор» беришини кўрдик. Чунки элчихонага бориш йўлларида улар «ўз хизмат вазифалари»ни бажарар экан. Элчихонамизга келаётган фуқароларимизни тўхтатиб, ҳужжатларини бирма-бир текширишади.

Табиийки, элчихонага бирон-бир ҳужжатида муаммоси бор фуқаролар тез-тез мурожаат қилиб туради. Буни рус полицияси ҳам яхши билгани сабаб шу атрофдаги йўлларда туришади. Қизиғи шундаки, элчихонага келаётган фуқароларимиз тилни яхши билмаса ёки ҳужжатида қандайдир камчилик топиладиган бўлса, полиция ходими баъзи ҳолларда уни олиб кетади.

Элчихонадан қайтиб чиқиб, манзилимиз томон кетаётганимизда шу кўчада полиция ходимларига дуч келдик. Яхшиямки, ҳужжатларимиз жойида. Акси бўлганда, биз ҳам ё жаримага тортилардик, ё депорт қилинишимиз мумкин эди.

Қисқача айтганда, Россия пойтахтида вокзалдан чиқишингиз билан сизни қучоқ очиб Москва эмас, полиция ходими кутиб олади. Бундан эса ажабланманг. Чунки бу ҳолат келгусида сиз билан тез-тез такрорланиб туриши мумкин.

Элчихонамизга боришда эса йўлларда эҳтиёт бўлинг, айниқса ҳужжат масаласида муаммонгиз бўлса. Иккинчидан, агар рус тилини билмасангиз, ёлғиз боришни маслаҳат бермаймиз. Тилни биладиган бирор яқинингиз ёки танишингиз билан борганингиз маъқул.

Чунки сиз – марказий осиёликсиз.

Раҳматилло Исроилов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид