Ўзбекистон | 22:37 / 25.01.2020
80805
4 дақиқада ўқилади

Мутахассис Корея Республикасига ишлаш учун кетиш йўллари ҳақида маълумот берди

Бахтиёр Турсунов / Фото: АОКА

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсуновнинг айтишича, Жанубий Кореяга расмий иш визасини олиб кетишнинг фақат битта йўли бор – корейс тилини мукаммал ўрганиш ва йил давомида бир неча марта ўтказиладиган имтиҳонларда қатнашиш.

Унинг таъкидлашича, Корея Республикасига ишлаш учун жўнатадиган ягона ташкилот бу – Ташқи меҳнат миграция агентлиги. Хусусий бандлик агентликларининг, кўчадаги хорижга ишга юборишни ваъда қиладиган фирибгарларнинг бунга ваколати йўқ.

«Ҳозирги кунда Жанубий Корея кетмоқчи бўлган фуқароларимиз сони жуда кўп. Аксарият ҳолда фуқароларимиз тартибли кетишдан кўра, қанақадир муамонинг ечимини топишдан кўра, енгил йўл қидириб фирибгарларнинг қўлига тушмоқда.

Жанубий Кореяга эркин ёллаш деган тизим бор. Жанубий Кореяда ишлаш учун фақат ўша тизим орқали кетиши мумкин», – деди Турсунов 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

У корейс тилини ўрганишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

«Фуқароларимизда Кореяга кетиш орзуси жуда катта, уларга маслаҳатим битта: корейс тилини яхшилаб ўрганишсин. Бошқа йўл қидириб ўтиришмасин. Астойдил ўрганмоқчи бўлган одам учун корейс тили унчалик қийин тил ҳисобланмайди. Лекин яна қайтариб айтаман: Кореяга расмий иш визасини олиб кетишнинг йўли битта – корейс тилини мукаммал ўрганиш ва йил давомида бир неча марта ўтказиладиган имтиҳонларда қатнашиш», – деди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи.

«Эркин ёллаш тизимига кўра, фуқаро имтиҳондан ўтган тақдирда ҳам Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги унинг Кореяга кетишини кафолатламайди. Сабаби, тизим жуда оддий: фуқаро имтиҳондан ўтади, билимини тақдиқлайди ва захирага тушади. Захирага тушган фуқаролардан мос келганини Жанубий Кореядаги иш берувчининг ўзи танлаб олади. Уни қачон танлаб олади, кимни танлаб олади, бунга ҳеч ким таъсир ўтказа олмайди.

Шунақа ҳолатлар борки, фуқаролар чиндан ҳам имтиҳон топширган, захирада турган, лекин Кореяга кета олмаган. Имтиҳондан ўтганлар 2 йил давомида захирада туради, лекин улар бирорта иш берувчи томонидан танланмаса, захирадагилар рўйхатидан чиқарилади ва яна имтиҳон топшириши керак бўлади», – дейди Бахтиёр Турсунов.

Фото: АОКА

Матбуот анжуманида Кореяга кетишнинг бошқа йўли ҳақида ҳам маълумот берилди. Аммо бундан фақат Кореяда ишлаб келганларгина фойдалана олишлари мумкин. Давлат томонидан ишлашга кетиб, шартнома бўйича юборилган жойида 4 йил-у 10 ой ишлаганларнинг қўлига 3 ойлик меҳнат таътили ҳамда уч ойдан кейин Кореяга қайтиб келиб ишини давом эттириши учун меҳнат шартномаси берилади. Фуқаро Ўзбекистонга келиб, 3 ой дам олади ва ҳеч қандай имтиҳонсиз Кореяга қайтиб бориб, яна 5 йил ишлайди.

Лекин давлат томонидан ишга юборилган, аммо шартномани бузиб, иш жойини ўзгартирган фуқаролар Ўзбекистонга қайтиб келишгандан кейин яна Кореяга ишлашга кетмоқчи бўлишса, яна имтиҳондан ўтишлари талаб этилади.

Мавзуга оид