Ўзбекистон | 19:58 / 27.01.2020
6489
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистон фуқаро авиациясини модернизация қилишга ёрдам беради

Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида маслаҳат хизматлари тўғрисида битим имзоланди. Бундан кўзланган мақсад мамлакат фуқаро авиациясини модернизация қилишга кўмаклашишдан иборат. 

«Бу томонлар ўртасидаги иккинчи келишувдир. Дастлабки музокаралар натижасида эришилган битимга кўра, банк 2019 йил августида маслаҳат хизматлари кўрсатишни якунлаган», дейилади Жаҳон банки матбуот хизмати хабарида.

Янги келишувлар Жаҳон банкининг фуқаро авиацияси бўйича миллий сиёсатни ва турли сегментларнинг ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда ҳукуматга кўрсатадиган ёрдамини ўз ичига олади. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Фуқаро авиацияси агентлиги, «Uzbekistan Airways» AЖ, «Uzbekistan Airports» AЖ ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.

«Xaвфсиз, ишончли ва самарали авиация соҳаси мамлакатда савдо, бизнес ва туризмни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Биз ҳукумат билан бу йўналишдаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз. Ишонаманки, муносабатларимиз Ўзбекистон иқтисодиётининг янада ўсишига, ривожланишига хизмат қилади», – дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

2017 йилда ислоҳотлар дастури амалга оширила бошлангандан буён Жаҳон банки Ўзбекистонга молиявий ва техник ёрдам кўламини кенгайтириб келмоқда. Айни пайтда банкнинг мамлакатдаги инвестиция портфели умумий қиймати 3,5 миллиард долларга тенг. Тузилма мавжуд 21та лойиҳа асосида макроиқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим тизими, сув таъминоти ва санитария, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид