Миграция агентлиги: Давлат томонидан ишга жўнатилганлар патентни олгач иш жойидан кетиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсуновнинг айтишича, Россияга ишлашга ташкилий равишда жўнатилганлар кўп ҳолларда патент олишганидан сўнг бошқа жойларга ишга кетиб қолишяпти.
«Россияга ишлашга ташкилий равишда жўнатилган фуқароларимиз кўп ҳолларда патент олганидан сўнг ўзлари юборилган жойда ишламасдан бошқа жойларга ишга кетиб қолишяпти. Шу сабабли бир марта шундай ҳолатга дуч келган иш берувчилар иккинчи марта бизга мурожаат қилмаяпти.
Россияга борган фуқаролар то ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни қўлига олмагунча бир ой уйда ўтириши керак, чунки унгача расман ишлаш ҳуқуқига эга эмас. Аммо бу пайтда улар бўш ўтирмайди. Иш берувчилар уларга иш ўрганиб, малака оширишига шароит яратиб беради. Бироқ патентни олгандан кейин кўпчилик бу ердан қочиб кетмоқда», дейди у.
Бахтиёр Турсуновнинг таъкидлашича, хорижга ишга кетиш истагида бўлган, аммо малакаси ва тил бўйича билимлари иш берувчи талаб қилган даражага мос бўлмаган фуқаролар касб-ҳунар ва тил ўрганишга йўналтирилмоқда, харажатлар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
«2019 йил ҳолати бўйича 4500 нафар нафар фуқаро Россияга ишлашга ташкилий равишда жўнатилди. Ўзлари мустақил равишда Россияга кетаётганлар билан солиштирсак, албатта, бу жуда кам. Ўзлари иш топиб ёки топмасдан таваккал қилиб, бировнинг таклифига кўра ёхуд қаердандир хабар топиб ишга кетганлар сони жуда катта миқдорни ташкил этади. Айни пайтда ташкилий тартибда ишга жўнатиладиган фуқароларнинг сони кўпайтиришга бор кучимизни ташлаганмиз.
Фуқароларни ташкилий равишда жўнатишда қандай қийинчиликларга дуч келяпмиз? Бизга мурожаат қилган иш берувчиларнинг талаблари бор. Ишга бораётган шахс рус тилини билсин, қўлида касб-ҳунари бўлсин дейди, ёш чегараси бўлиши мумкин ва ҳоказо. Шу талабларга тўғри келадиган фуқароларимиз келиб танловдан ўтишяпти, лекин аксарият талабгорлар малакаси етмагани сабабли ташкилий жўнатишда иштирок этолмаяпти», дейди мутахассис.
Унинг қайд этишича, Россияга ташкилий равишда ишга юборишни кўпайтириш учун ҳар битта вилоят ҳудудида тил ва касб ўргатиш марказлари фаолияти ривожлантирилмоқда. Айни пайтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига берилган коллежларни таъмирлаш ва керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари кетмоқда.
Аввалроқ 2019 йилда Россияда қийин аҳволга тушиб қолган 3323 нафар фуқаро давлат ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келингани, 2019 йилда хорижда Ўзбекистон фуқаролари 1511та жиноий иш бўйича жиноий жавобгарликка тортилгани, айни пайтда тахминан 300 минг нафар Ўзбекистон фуқаросининг Россия ҳудудига кириши тақиқлангани маълум қилинган эди.
Мавзуга оид
22:00 / 08.11.2024
Россияда «дворник»ларнинг ўртача иш ҳақи деярли 30 фоиз ошди
21:01 / 08.11.2024
Россия Ички ишлар вазирлиги мигрантларнинг сохта никоҳларини оммавий равишда бекор қилади
16:48 / 04.11.2024
Россияда мигрантлар учун имтиҳонларнинг ягона нархлари белгиланади
18:17 / 02.11.2024