Ўзбекистон | 20:52 / 27.01.2020
24284
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Ўзбекистон транзит поездлари билан боғлиқ муаммоли масалалар муҳокама қилинди  

2020 йил 24 январ куни Қозоғистон Республикаси Сариоғоч шаҳар ҳокимиятида «Йўловчи ташиш транспорти» АЖ ва «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларининг бир қатор давлат органлари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон Темир йўллари» АЖ Ахборот хизмати хабар қилмоқда. 

Хабарда таъкидланишича, учрашувда, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 18-қўшма йиғилиши баённомасида белгилаб берилган айрим вазифалар ижроси хусусида сўз юритилган. Ахборотда жумладан шундай дейилади:

«Сир эмаски, сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда темир йўл транспортидан фойдаланишда, айниқса давлатлар ўртасидаги чегара ўтиш пунктларида ҳамда йўл давомида миграция, чегара, божхона хизматлари, ички ишлар каби қатор давлат органлари томонидан ўтказиладиган текширувлар, поездларнинг давлат чегара ўтиш пунктларида узоқ муддат ушлаб қолиниши каби йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган турли хил маълумотлар тарқалди. Бундан ташқари йўловчилар томонидан тегишли ташкилотларга бир қанча шикоят ва мурожаатлар ҳам келиб тушмоқда. 

Ўтказилган ишчи гуруҳининг йиғилишда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон темир йўллари” Акциядорлик жамиятига қарашли йўловчи поездларининг Қозоғистон Республикаси худудидан ҳамда Қозоғистоннинг “Йўловчи ташиш транспорти” Акциядорлик жамиятига қарашли йўловчи поездларининг Ўзбекистон худудидан ўтишида ҳар иккала давлат миграция, божхона , чегара хизмати, ички ишлар органлари вакиллари иштирокида қўшма мониторинг ўтказиш борасида фикрлашиб олинди.

Шунингдек, йиғилишда давлат чегара станцияларида божхона, чегара хизматлари назорати жараёнларини тезлаштириш, миграция, ички ишлар органлари каби ташкилотлар томонидан йўл давомида йўловчиларнинг ҳужжатларини текшириш каби ҳолатларни камайтириш, бундан ташқари, иккала давлат қонунчилигидан келиб чиқиб, поезд ичида йўловчиларга давлат чегараларидан ўтишда нималарга эътибор қаратишлари ҳамда зурур ҳужжатлар ҳақида кўпроқ маълумотлар беришни, тушунтириш ишларини йўлга қўйиш ҳамда йўловчилардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш, уларни тегишли давлат органларига юбориб камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш, шунингдек, соҳага оид бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини 2020 йилнинг баҳор ойларида Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинган. 

Эслатиб ўтамиз, 8 январь куни Kun.uz сайти «Қозоғистонлик айрим чегарачиларнинг «ҳурмати жуз-жуз»ми? Россияга сафар саргузаштлари» номли мақолани эълон қилган эди.  

Унда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли халқаро йўналишда қатновчи поезд таркиби Қозоғистон транзит ҳудудидан ўтишида кузатиладиган муаммолар ҳақидаги турли хабарларга ойдинлик киритилган эди.

Мавзуга оид