Ўзбекистон | 16:20 / 29.01.2020
11193
2 дақиқада ўқилади

Нархи 1 млрд сўмдан ортиқ сифатсиз БФҚларни олиб киришга уринганлар қўлга тушди

Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари вакиллари билан ҳамкорликда сифати кафолатланмаган биологик фаол қўшимчаларни олиб киришга бўлган уринишни бартараф қилди.

Тезкор тадбир давомида «Уфа-Тошкент» йўналиши бўйича кириб келган поезд «Келес» темир йўл чегара божхона постида белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Фуқаролар Б.Р. ва К.Б.лар томонидан олиб келинаётган 7 дона жомадонларда 3000 дона «Samyun Wan», 30 377 дона «Montalin» номли биологик фаол қўшимчалар ҳамда 85 дона аёллар кийим кечаклари яширин тарзда олиб келинаётганлиги аниқланди.

Аниқланган товар-моддий бойликларни қабул қилиб олувчи шахсларни фош этиш мақсадида, тезкор тадбир давом эттирилди.

Тадбир давомида «Тошкент Шимолий» темир йўл вокзалида кутиб турган фуқаролар В.А. ва С.Ф. юкни қабул қилиб, «Дамас» русумли транспорт воситасига юклаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Аниқланган товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 1 миллиард 38,5 миллион сўмни ташкил қилди», - дейилади хабарда.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид