Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент: Геология университетининг ўқув бинолари 1 сентябргача қуриб битказилади
31 январь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олимлар кўчасидаги илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюрди.
Ташрифда Ўзбекистонда ер қаърини геологик ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот институтлари негизида ташкил этилаётган яхлит мажмуа – замонавий Геология университети кампусига тамал тоши қўйилди.
Мазкур муассаса таълим ва илм-фан кластери шаклида бўлади. 4та институтнинг моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Санкт-Петербург тоғ-кон университети ва бошқа нуфузли даргоҳлар билан ҳамкорликда таълим дастури йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев тадбир давомида илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.

Унда соҳадаги муаммолар ва уларга ечим топишда олимлар, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари ҳамда ёш тадқиқотчилар олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
«Бир пайтлар Ўзбекистонда геология анча ривожланган, рақобатбардош соҳа эди. Ҳатто бошқалар келиб, юртимиз мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетарди. Лекин охирги 30 йилда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетди. Бор салоҳиятни сақлаб қололмадик. Олимларга йўналиш, рағбат бўлмади. Замонавий кадрлар етишиб чиқмади. Аслида геологик тадқиқотлар иқтисодиётнинг ҳамма соҳалари учун керак. Ташхиссиз беморни операция қилиб бўлмаганидек, геологиясиз саноатни ривожлантириб бўлмайди. Биз бугун шу соҳа ривожига асос бўладиган илм даргоҳига пойдевор қўймоқдамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шу куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида ўтган йиғилишда Геология университетининг қуриб битказилиш муддатига ҳам аниқлик киритди.
«2020 йилнинг 1 сентябригача университетнинг ўқув бинолари, 30 декабрга қадар унинг илмий лабораториялари ва ётоқхоналари қуриб битказилади», – дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент ўз ташрифида Геология фанлари университети қурилишига оид лойиҳалар билан ҳам танишди. Бу ерда ўқув бинолари ва лабораторияларни чет эл тажрибаси ҳамда касб спецификасидан келиб чиқиб қуриш, майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Маълумот учун, 2020 йил Ўзбекистонда Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинган.
Президент Олий Мажлисга мурожаатида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш зарурлигини ҳам таъкидлаган эди. Унга кўра, 2020 йилда математика, кимё-биология ва геологияда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратилиши белгиланган.
Мавзуга оид
20:05 / 09.06.2026
Президентга тоғ-кон саноати ва геологияда рақамли технологияларни жорий қилиш режалари тақдим этилди
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
22:05 / 04.04.2026
Шавкат Мирзиёев геология соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади
18:23 / 04.04.2026