Жаҳон | 23:09 / 01.02.2020
24094
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда маршрут линиялари нега ёпилганига расмий изоҳ берилди

1 февраль куни Kun.uz`да «Самарқандда «Дамас»ларга «ов бошланди», иккита маршрут линияси ёпиб қўйилган» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Самарқанд шаҳрида ҳаракатланаётган маршрутлар ёппасига текширилаётгани ҳақида ҳикоя қилинган. Самарқанд вилоят траспорт бошқармаси бу мақола юзасидан расмий баёнот берди.

«Самарқанд вилоят ҳокимининг жорий йил 3 февраль санасида «Вилоятда аҳолига транспорт хизматлари кўрсатилишини яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида» бўлиб ўтадиган аппарат йиғилишига тайёргарлик кўриш мақсадида вилоятдаги йўловчи ташиш транспортини ўрганиб чиқиш бўйича вилоят ҳокимлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд шаҳри ва туманларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Бунда йўловчи ташиш транспорти корхоналарининг сифатли ва намунали хизмат кўрсатиш фаолияти ўрганиб чиқилмоқда. Ушбу ўрганишларда вилоят транспорт бошқармаси ходимлари ҳам иштирок этди. Ўрганишларда корхоналарга огоҳлантиришлар ҳамда қонунга бўйсунмаган ҳолларда лицензия/лицензия варақаларининг амал қилиш муддатларини 10 кунгача тўхтатиб туриш чоралари қўлланилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарда лицензия талаблари ва шартлари бузилиш ҳолатларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.

Ўрганишлар давомида «Shaxruz Trans» XK, «Mamasharif Savdo Servis», «Dilchiroq Servis», «Bektemir Omad Toleyor», «Darg’om O’ramas Trans» МЧЖлар томонидан камчиликлар такрорий аниқланиб, бартараф этилмаганлиги маълум бўлди. Бу корхоналар хизмат кўрсатаётган автотраспорт воситаларида аниқланган камчиликлар 10 иш куни мобайнида бартараф эьтилган тақдирда корхоналарнинг лицензия/лицензия варақаларининг амал қилиши тикланади.

Аксинча корхоналар томонидан аниқланган камчиликларни 10 иш куни мобайнида бартараф этмаган тақдирда, лицензияловчи органнинг аризаси билан суд томонидан лицензия/лицензия варақасининг амал қилишини 10 кундан ортиқ муддатга тўхтатиш ёки бекор қилиш чоралари кўрилади», — дейилади Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси томонидан Kun.uz`га тақдим этилган расмий баёнотда.

Мавзуга оид